date

Кувайтдан Ўзбекистонга ноёб ёқут тошлар юборилиши келишилди

Кувайтдан Ўзбекистонга ноёб ёқут тошлар юборилиши келишилди
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Кувайтга амалга оширган илмий-ижодий сафари давомида муҳим келишувларга эришилди. Сафар доирасида делегация “Ислом мерослари уйи” ҳамда “Ториқ Ражаб музейи”да бўлиб, дунё аҳамиятига эга ноёб артефактларни юртимиздаги глобал кўргазмада намойиш этиш масалаларини муҳокама қилди.

Ташриф чоғида музей кўргазмалари координатори доктор Ҳадийл Халил Рашад билан музокаралар олиб борилди. Унда 2025 йилда Тошкентда очилиши кутилаётган Ислом цивилизацияси маркази доирасида ўтказиладиган “Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мероси” номли халқаро кўргазмага тайёргарлик мавзусида фикр алмашилди.

Музокараларда Бобурийлар даврига оид тарихий ёқут тошлар, ювелир буюмлар ва бошқа қимматбаҳо артефактларни Ўзбекистонга олиб келиш, уларни экспозицияга жойлаштириш, хавфсиз шарт-шароитларни таъминлаш каби муҳим жиҳатлар келишиб олинди. Қайд этиш жоизки, кўргазма экспонатлари учун халқаро стандартларга мос махсус витриналар тайёрланмоқда. Бу ишда Италиянинг Goppion ҳамда Германиянинг Glasbau Hahn каби етакчи компаниялар иштирок этмоқда.

Музейлар ўртасидаги ҳамкорлик натижасида транспортировка, қадоқлаш ва вақтинчалик сақлаш ишлари юзасидан ҳам келишувга эришилди. Кувайт томони ушбу жараёнларни тўлиқ ўз зиммасига олишини маълум қилди.

Куннинг иккинчи ярмида Ислом цивилизацияси маркази делегацияси “Ториқ Ражаб музейи” раҳбарлари — Зияд Ражаб ва Нур Ражаб билан учрашди. Суҳбат чоғида музейда сақланаётган, Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ ноёб артефактлар ҳақидаги китоб-альбомни тайёрлаш режалари муҳокама қилинди. Зияд Ражаб халқаро кўргазмада намойиш этиладиган экспонатлар танлаб қўйилганини ва яқин кунларда расмий тақдим этилишини маълум қилди.

Шу тариқа, Кувайтдаги икки йирик музей ва бир хусусий коллекция халқаро кўргазмада иштирок этади. Барча экспонатларнинг суғурта, қадоқлаш ва ташиш ишлари мувофиқлаштирилиб, юртимиздаги Ислом цивилизацияси марказига етказилиши таъминланади.

Бу ҳамкорлик нафақат маданий алоқаларни мустаҳкамлайди, балки ўзбек халқининг бой тарихий меросини жаҳон ҳамжамиятига янада кенгроқ танитади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Кувайтдан Ўзбекистонга ноёб ёқут тошлар юборилиши келишилди