
Иш ҳафтасининг дастлабки кунларида мамлакатимизда нисбатан барқарор ва бироз иссиқ об-ҳаво сақланиши кутилмоқда. Ўзгидромет маълумотларига кўра, шанба кунига қадар юртимизда жуда иссиқ об-ҳаво шароити ҳукм суради, деб хабар берди uzgidromet.uz.
13–16 июль кунлари кундузги ҳарорат кўпгина вилоятларда +36…+39 даражада бўлиб, айрим жойларда, хусусан, республика жануби ва чўл ҳудудларида +40…+42 даражагача кўтарилиши тахмин қилинмоқда.
Ҳароратнинг янги босқичдаги кўтарилиши эса ҳафтанинг иккинчи ярмида — 17 июлдан бошланиши кутилмоқда. Бу кунларда термометр устуни мамлакатнинг барча минтақаларида янада юқорироқ кўрсаткичларни қайд этиши мумкин. Жумладан, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида ҳарорат +44 даражагача етиши эҳтимоли юқори.
Қисқа вақтли ёмғир фақат тоғларда кутилмоқда
Об-ҳаво шароити умумий ҳолда қуруқ ва ёмғирсиз кечади. Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмаяпти. Фақат 14–16 июль кунлари айрим баланд тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Шамол тезлиги ошиб, чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин
Куннинг иссиқ ва қурғоқ об-ҳавоси билан бирга, айрим жойларда шамолнинг кучайиши эҳтимоли ҳам юқори. Ҳусусан, шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача етиб, чанг кўтарилиши ва ҳаво шаффофлигининг пасайишига олиб келиши мумкин.
Пойтахт Тошкентда ҳам ҳаво анча қизийди
Тошкент шаҳрида ҳам об-ҳаво анча иссиқ бўлади. 14–16 июль кунлари кечалари ҳарорат +22…+24 даража атрофида сақланса, кундуз кунлари +37…+39 даражагача етиши кутилмоқда.
17 июлдан эса ҳарорат янада юқорилаб, тунлари +25…+27 даражагача, кундуз кунлари эса +40…+42 даражани ташкил қилади. Об-ҳаво асосан бироз булутли, лекин ёғингарчиликсиз бўлади.
Аҳолидан эҳтиёт чораларини кўриш сўралмоқда
Мутасадди ташкилотлар аҳолидан иссиқ кунларда эҳтиёт бўлишни, шу жумладан, соя жойларда қолишни, етарли суюқлик истеъмол қилишни, зарурат бўлмаса тўғридан-тўғри қуёш нурларида юрмасликни тавсия этмоқда.
Айниқса, кексалар, болалар ва юрак-қон томир касалликлари билан оғриган шахслар учун бу кунлардаги ҳаво ноқулай бўлиши мумкин. Шу боисдан, тиббий тавсияларга амал қилиш ва саломатликка жиддий эътибор қаратиш зарур. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар