date

Яқин кунларда ҳаво ҳарорати яна исиб кетиши кутилмоқда

Яқин кунларда ҳаво ҳарорати яна исиб кетиши кутилмоқда
Республика бўйлаб 17–20 июль кунлари келиши кутилган кучли иссиқлик тўлқинлари аҳолини жиддий синов олдида қолдириши мумкин. Бу галги жазирама одатдагидек вақтинча бўлиб, ортидан салқин кунлар келади, деб кутманг. Аксинча, ушбу иссиқ ҳаво узоқ давом этиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов.

Кутилаётган ҳаво оқимлари ғарб йўналишидан келиб, дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида ўз таъсирини кўрсатади. Шундан сўнг эса мамлакатнинг марказий ҳудудлари ва аҳоли зич яшайдиган барча вилоятларга етиб боради. Бу эса миллионлаб инсонлар учун ноқулай ва ҳатто хавфли шароитларни юзага келтиради.

Мутахассислар таъкидлашича, бу галги иссиқлик ортидан ҳарорат кескин пасайиб, салқинлик кириб келмайди. Яъни, республика бўйлаб бир неча кун эмас, балки бутун ҳафта давомида жазирама ҳаво сақланади.

Айниқса, бундай об-ҳаво шароити қишлоқ хўжалиги соҳаси учун жиддий хавф солиши мумкин. Бу тўғрида мутахассислар аллақачон деҳқон ва фермерларга аниқ тавсиялар беришни бошлаб юборишган.

Жумладан:
– Боғдорлар мевали дарахтларни жазирамадан сақлаш учун махсус тўрлар ёрдамида ҳимоя чораларини кўриши;
– Пахтачилик билан шуғулланувчи фермерлар эса +45 даражагача кўтарилиши мумкин бўлган ҳароратдан олдин, тунда ғўзаларни чуқур ва яхши суғориб қўйиши зарурлиги таъкидланди.

Ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши инсон саломатлигига ҳам жиддий таъсир ўтказиши мумкин. Шифокорлар иссиқ вақтларда тўғридан-тўғри қуёш остида юрмаслик, кўпроқ сув истеъмол қилиш ва асабийликдан сақланишни тавсия этмоқда.

Шу билан бирга, мазкур иссиқлик тўлқини фақат бу ҳафта билан чекланиб қолмаслиги мумкин. Агар атмосфера шароити ўзгармаса, жазирамалар яна бир неча кунга чўзилиши эҳтимолдан холи эмас.

Демак, юртимизда қайтадан “даҳшатли иссиқлик” даври бошланмоқда. Ҳамма эҳтиёт бўлиши ва табиатнинг бу синовига олдиндан тайёргарлик кўриши лозим.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Яқин кунларда ҳаво ҳарорати яна исиб кетиши кутилмоқда