Сентябрда Ўзбекистонда қандай об-ҳаво кутиляпти?

Сентябрда Ўзбекистонда қандай об-ҳаво кутиляпти?

Жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистон ҳудудида об-ҳавонинг нисбатан қуруқ ва бироз илиқ келиши кутилмоқда. Ой давомида ҳарорат аста-секин пасайиб борса-да, айрим кунларда ёзги иссиқ яна сезилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет эълон қилган об-ҳаво прогнози маълумотида келтирилган.

Прогнозга кўра, сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигида республика ҳудудида асосан кам булутли ва қуруқ об-ҳаво кузатилади. Бу даврда ҳаво ҳарорати мавсум учун қулай бўлиб, кунлар илиқ ва ёқимли ўтиши кутилмоқда.

Кечаси ҳамда эрта тонгда ҳарорат 15–20 даража атрофида бўлиб, салқин ҳаво сезилади. Кундуз кунлари эса қуёш таъсирида ҳаво 30–35 даражагача, айрим кунларда 37 даражагача исиши мумкин.

Республиканинг жанубий ҳудудларида эса иссиқ кунларда ҳарорат янада юқори кўтарилиши эҳтимоли бор. Бу ерларда ҳаво ҳарорати 38–40 даражагача етиши мумкин.

Сентябрь ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида нисбатан барқарор ҳарорат фони шаклланиши прогноз қилинмоқда. Ушбу даврда тунлари ҳаво 10–15 даража, кундуз кунлари эса асосан 25–30 даража бўлиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, ойнинг айрим қисқа даврларида ҳароратнинг ҳам юқорилаш, ҳам пасайиш томон ўзгариб туриши эҳтимолдан холи эмас. Демак, сентябрь давомида об-ҳаво бир маромда қолмасдан, айрим кунларда сезиларли фарқ қилиши мумкин.

Ойнинг айрим кунларида, яъни сентябрь давомида 1–3 кун бироз жадалликдаги ёмғирлар ёғиши мумкин. Бироқ республиканинг жанубий ҳудудларида ёмғир ёғиш эҳтимоли жуда кам бўлади.

Ёғингарчилик миқдори ҳам ҳудудларга қараб фарқ қилиши кутилмоқда. Республика ҳудудининг катта қисмида сентябрь ойида ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши мумкин.

Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида ёғингарчилик миқдори меъёр атрофида кузатилиши прогноз қилинмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса ёғингарчилик миқдори меъёрдан кўп ёки меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

Умуман олганда, сентябрь ойида Ўзбекистонда ёзги иссиқлик аста-секин чекиниб, куз фаслига хос салқин кунлар кўпайиб боради. Бироқ ойнинг дастлабки кунларида айрим ҳудудларда ҳарорат ҳали ҳам юқори бўлиб, айниқса жанубда иссиқ об-ҳаво сақланиб қолиши мумкин.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар