date

Иссиқ ҳаво сабабли Хўжайли ва Тахиятошда боғчалар ёпилди

Иссиқ ҳаво сабабли Хўжайли ва Тахиятошда боғчалар ёпилди
Қорақалпоғистон Республикасининг икки тумани — Хўжайли ва Тахиятошда болалар таълимига алоқадор муҳим қарорлар қабул қилинди. Унга кўра, 16–18 июль кунлари ҳудуддаги барча давлат ва хусусий мактабгача таълим ташкилотлари ўз фаолиятини вақтинча тўхтатади, деб хабар берди маҳаллий ҳокимият.

Бу чекловга сабаб — юзага келаётган ғайритабиий иссиқлик тўлқинидир. «Ўзгидромет» маълумотларига кўра, айнан шу кунларда ҳаво ҳарорати +40 даражадан ошиб кетиши, айрим жойларда эса +44 даражани ташкил қилиши мумкин.

Хўжайли тумани ҳокимининг расмий қарор хатида таъкидланишича, аномал ҳарорат шароитида боғчаларда болалар учун қулай ва хавфсиз муҳитни таъминлаш имкони йўқ. Шу сабабли, фаолият вақтинча тўхтатилиб, энг аввало фарзандларимизнинг саломатлиги устувор мақсад сифатида кўрилмоқда.

Тахиятош тумани ҳокими эса янада кенгроқ изоҳ бериб ўтди: у иссиқлик нафақат ташқаридан, балки бинолар ичида ҳам ҳароратни 35 даражадан ошиб кетишига сабаб бўлаётганини қайд этди. Бу эса болалар организмига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳар икки қарорнинг асосий ҳуқуқий таянчи — тегишли туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимларининг расмий хатлари бўлди. Мутахассислар ўз хулосаларида бундай иссиқ ҳаво шароитида боғча биноларида ҳаво айланиши, ички муҳит ва болаларнинг тана ҳароратини назорат қилиш механизмлари етарли эмаслигини қайд этишган.

Мутасаддилар бу қарор вақтинча эканини ва об-ҳаво шароити нормаллашганида боғчалар ўз ишини қайтадан бошлашини маълум қилишди.

Айни пайтда, ушбу ташаббус ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Аксарият фуқаролар мазкур қарорни маъқуллаб, болалар хавфсизлигини биринчи ўринга қўйганлик учун ҳокимиятларга миннатдорлик билдирмоқда.

Янада муҳимроғи, бу ҳолат келгусида ҳароратга боғлиқ ҳолатларда ҳам тезкор ва соғлом қарорлар қабул қилишнинг муҳимлигини кўрсатди. Чунки болаларнинг саломатлиги ҳар қандай таълимдан устун.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Иссиқ ҳаво сабабли Хўжайли ва Тахиятошда боғчалар ёпилди