date

Тошкентда россиялик болалар учун эсда қоларли таътил бошланди

Тошкентда россиялик болалар учун эсда қоларли таътил бошланди
Ўзаро ҳамкорлик, инсонпарварлик ва болалар дўстлиги — бу сафарги ташаббуснинг асосий мезонига айланди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси таклифига мувофиқ, Россиянинг Белгород ва Брянск вилоятларидан ташриф буюрган 99 нафар бола Тошкент вилоятида жойлашган “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 2 ҳафталик ўзига хос таътилни бошлади.

Бу ҳақда расмий маълумот Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан берилди. Қайд этилишича, болаларни Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олиш маросими уюштирилди. Унда Россиянинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Андрей Ланчиков, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раҳбарлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари иштирок этди.

Элчихона расмий хабарномасида бундай ёрқин ва яхшиликка йўғрилган акция биринчи марта амалга оширилаётгани таъкидланган:
“Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирамиз. Бу ташаббус, албатта, болаларнинг ҳаётида унутилмас хотиралар қолдиради. Меҳмондўстлик ва илиқ муносабатлар учун миннатдормиз”, — дейилади расмий баёнотда.

“Анор” оромгоҳи болалар учун нафақат соғломлашиш, балки дўстлар орттириш, маданиятлар билан танишиш, табиат бағрида мароқли вақт ўтказиш имконини ҳам беради. Таълимий ва маданий дастурлар, спорт мусобақалари, экотурлар ва турли ижодий фаолиятлар болаларнинг таътилини янада мазмунли ва фойдали қилиши кутилмоқда.

Бу лойиҳа нафақат икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди, балки ёш авлоднинг ҳамкорлик, дўстлик ва бағрикенглик руҳида тарбияланишига хизмат қилади. Болаларнинг олиб кетадиган таассуротлари эса мамлакатлар ўртасидаги алоқаларнинг чуқурлашувига замин яратиши мумкин.

Таъкидлаш жоиз, бундай ташаббуслар келгусида яна кўп марта такрорланиши ва янада кенг кўламда амалга оширилиши кутилмоқда. Чунки ёш авлод — келажак пойдеворидир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкентда россиялик болалар учун эсда қоларли таътил бошланди