
Сўнгги кунларда Навоий шаҳри ва унинг атрофида тарқалаётган қора тутун муаммоси жамоатчилик орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар ва фотоларда ҳавонинг қаттиқ ифлослангани, одамларнинг соғлигига хавф солаётгани ҳақида хабарлар берилди. Масаланинг жиддий тус олиши сабабли “Навоийазот” АЖ матбуот хизмати расмий баёнот берди.
Баёнотда айтилишича, тарқалаётган чангсимон тутун “Навоийазот” АЖ фаолиятига алоқадор эмас. Корхона мутасаддилари Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилоят кенгаши ва бошқа экологик органлар билан ҳамкорликда вазиятни ўрганишга киришган. Мазкур ўрганишлар натижасида 21 июль куни эрталабги вақтда ҳосил бўлган қора тутун собиқ Навоий электрокимё заводи ўрнида фаолият юритаётган айрим хусусий корхоналардан тарқалаётгани аниқланган.
Корхона раҳбарияти бу масалада ўз шаффофлигини намоён этиш мақсадида аммиакли селитра ишлаб чиқариш цехи ҳудудига қўшимча видеокузатув камералари ўрнатган. Бу орқали “Навоийазот” АЖ фаолияти билан тутун тарқалиши ўртасида боғлиқлик йўқлиги яна бир бор тасдиқланган.
Маълумотларга кўра, Навоий шаҳрида чангсимон тутун илгари 13 ва 19 июль кунлари ҳам кузатилган. Ўшанда Навоий вилояти Экология бошқармаси бу ҳолатни “Навоийазот” корхонаси фаолияти билан боғлаган эди. Аммо кейинги таҳлиллар ва видеокузатув ёрдамида бу айбловлар асоссиз эканлиги маълум бўлди.
Айни пайтда, собиқ электрокимё заводи ҳудудидаги хусусий корхоналарнинг атмосферага тарқатаётган чиқиндиларини ўрганиш бўйича давлат органлари томонидан текширув ишлари давом этмоқда. Тегишли маълумотлар ва якуний хулосалар асосида жамоатчиликка қўшимча маълумот берилиши кутилмоқда.
Экологлар фикрича, ҳаво сифатига салбий таъсир кўрсатаётган бундай ҳолатлар аҳоли соғлиги учун катта хавф солади. Шу боис, масъул идоралар тезкор текширувлар олиб бориб, вазиятга аниқлик киритишлари муҳим аҳамиятга эга.
Навоий вилояти аҳолиси, айниқса марказий шаҳар атрофида яшовчи фуқаролар экологик мувозанатни сақлаш ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида бундай ҳолатларга бефарқ бўлмасликка, шубҳали ҳид ёки тутун пайқалса, зудлик билан тегишли ташкилотларга мурожаат қилишга чақирилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар