Тошкент вилоятида аҳоли ва ташкилотлар учун иссиқлик таъминоти хизматлари нархи оширилиши белгиланди. Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши қабул қилган янги қарорга кўра, 10 сентябрдан бошлаб иссиқлик корхоналари томонидан тақдим этиладиган иссиқ сув ва иситиш хизматлари учун тарифлар қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда расмий ҳужжатда маълум қилинди.
Қарорга мувофиқ, вилоятда фаолият юритаётган «Иссиқлик таъминоти» МЧЖ, «Ангрен шаҳар иссиқлик таъминоти» МЧЖ, Чирчиқ шаҳридаги «Иссиқлик таъминоти» МЧЖ ва «Олмалиқ шаҳар иссиқлик таъминоти» МЧЖ каби корхоналар томонидан истеъмолчиларга кўрсатиладиган хизматлар нархида ўзгаришлар амалга оширилади.
Янги ҳисоб-китобларга кўра, «Иссиқлик таъминоти» корхонаси аҳолига иссиқ сув ва иссиқлик хизматлари учун ҳар бир Гкалория учун 102 810,4 сўм (ҚҚС билан бирга) нархни жорий этишни таклиф этган. Ҳозирги вақтда эса мазкур хизмат нархи 93 464 сўм атрофида бўлиб турибди. Бу дегани, сентябрдан кейин аҳоли учун белгиланган тариф деярли 10 минг сўмга ошиши кутилмоқда.
Юридик шахслар учун ҳам ўзгаришлар назарда тутилган. Корхоналар ва ташкилотлар ҳар бир Гкалория учун ҳозирги 560 минг сўм ўрнига 700 минг сўм тўлашларига тўғри келади. Яъни бизнес субъектлари учун ҳам хизмат харажатлари сезиларли даражада кўтарилади.
Мутасаддилар таъкидлашича, тарифларни оширишдан кўзланган асосий мақсад — иссиқлик таъминоти тизимларини барқарор ишлатиш, мавжуд инфратузилмани янгилаш ва хизматлар сифатини оширишдир. Шу билан бирга, бу қарор аҳолининг кундалик харажатларига муайян таъсир кўрсатиши табиий ҳол сифатида баҳоланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар