date

Ўзбекистонда газ қазиб олиш пасайди, экспорт эса ўсди

Ўзбекистонда газ қазиб олиш пасайди, экспорт эса ўсди

Ўзбекистонда сўнгги йилларда табиий газ қазиб олиш кўрсаткичлари кескин пасайиб бораётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисобот берди. Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январь–июль ойларида мамлакатда жами 25,3 миллиард метр куб газ қазиб олинган. Бу эса ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 884 миллион метр кубга кам ва ўртача 3,4 фоиз пасайишни англатади.
Шу билан бирга, ушбу кўрсаткич сўнгги саккиз йил ичида қайд этилган энг паст даража экани таъкидланмоқда. Масалан, 2017 йилда 32,2 миллиард метр куб газ ишлаб чиқарилган бўлса, 2018 йилда бу рақам 35,1 миллиард метр кубга етган. Шунинг учун 2025 йилдаги кўрсаткич энергетика соҳасидаги жиддий муаммолардан бири сифатида қайд этилмоқда.
Бироқ, эътиборли жиҳати шундаки, газ экспорти сезиларли даражада ошгани қайд этилди. Жорий йилнинг етти ойи мобайнида 438,6 миллион долларлик газ хорижий давлатларга етказиб берилган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 38,2 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, мамлакатнинг ўзи 734 миллион долларлик газни импорт қилишга мажбур бўлган. Мутахассислар бу ҳолатни ички бозорда талаб юқори, ишлаб чиқариш эса етарли эмаслиги билан изоҳлашмоқда.
Давлат томонидан аҳоли учун газ нархи арзонлаштирилган ҳолда сотилиш амалиёти ҳануз давом этмоқда. Бунинг оқибатида бюджетдан катта миқдорда субсидиялар ажратишга тўғри келмоқда. Масалан, 2025 йил учун 7 триллион сўм, 2026 йилда 5,9 триллион сўм, 2027 йилда эса 5,5 триллион сўм субсидия ажратилиши режалаштирилган. Илгари 2028 йилдан бошлаб субсидиялар бекор қилинади деб айтилган бўлса, эндиликда ўша йилда ҳам 5 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши маълум қилинди.
Мутасаддиларнинг фикрича, агар энергетика бозорида ислоҳотлар жадал суръатда амалга оширилмаса, ишлаб чиқариш пасайиши давом этиши ва аҳолининг ички эҳтиёжи қондирилмай қолиши мумкин. Бироқ, халқаро бозорда табиий газга талаб юқори бўлиб тургани сабабли экспорт ҳажмларининг ўсиши эҳтимоли юқори деб баҳоланмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда газ қазиб олиш пасайди, экспорт эса ўсди