Самарқанд шаҳрида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтиришга қаратилган йирик лойиҳалардан бири амалга оширилмоқда. Хусусан, шаҳарнинг “Хушрав” қўрғони ҳудудидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинига тегишли 15 гектар майдонда чиқинди ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарадиган замонавий заводнинг қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Маълумотларга кўра, завод тўлиқ ишга тушгач, кунига 1,5 минг тонна чиқинди қайта ишланади. Бу орқали йилига тахминан 240 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Лойиҳа доирасида 150–200 та янги иш ўрни очилиши ҳам кўзда тутилган.
Ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитойнинг етакчи компаниялари билан имзоланган ҳамкорлик шартномалари асосида йўлга қўйилган. Лойиҳа нафақат Самарқандда, балки мамлакатнинг яна 5 вилоятида босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган.
Шунингдек, жорий йил 24 март куни Президент қарори билан “Қаттиқ маиший чиқиндини ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари” қабул қилингани ҳам мазкур йўналишдаги ишларга янги туртки берди. Унга кўра, ҳудудларда экологик ҳолатни яхшилаш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимига инновацион технологияларни жорий қилиш ва йирик инвестицияларни жалб этиш мақсад қилинган.
Самарқанд вилоятидаги қурилиш ишларига Хитойнинг “Shanghai SUS Environment” LLC компанияси 150 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритмоқда. Лойиҳага кўра, ишлаб чиқарилган электр энергияси 30 йил давомида кафолатланган ҳолда “Ўзэнергосотиш” акциядорлик жамиятига етказиб берилади. Шу билан бирга, чиқиндиларнинг узлуксиз етказиб берилиши ва қайта ишланиши ҳақида ҳам узоқ муддатли шартномалар тузилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар