Ўзбекистон бўйлаб миллионлаб ўқувчилар учун интизорлик билан кутилган янги — 2025/2026-ўқув йилининг қўнғироқлари янграш арафасида. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотларига кўра, республика миқёсидаги барча умумтаълим муассасаларида дарс машғулотлари жорий йилнинг 2 сентябридан, яъни сешанба кунидан бошланади.
Алоҳида таъкидланишича, янги ўқув йилининг дастлабки соатлари рамзий маънога эга бўлади. Чунки барча мактабларда биринчи дарс «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» шиори асосида ўтказилади ва бу дарслар «Келажак соати» номи билан машғулотлар дастуридан жой олади. Мутасаддиларнинг фикрича, мазкур ташаббус ёш авлод онгида миллий ғурур, ватанпарварлик ва маънавий қадриятларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, бу йил мактаб остонасини илк бор қадамлайдиган 738 минг нафардан ортиқ болажонлар учун ҳам қувончли янгилик тайёрланди. Президент ташаббуси билан уларга 12 турдаги ўқув анжомларини ўз ичига олган «Президент совғаси» тантанали равишда топширилади. Бу ҳадя нафақат ўқувчиларни билим олишга ундайди, балки уларнинг янги йўлга илҳом ва ишонч билан кириб боришларига рағбат бўлади.
Маълумот учун, янги ўқув йили бошланиш санаси турли таълим босқичлари учун фарқ қилади. Хусусан, академик лицейлардаги ўқув машғулотлари ҳамда олий таълим муассасаларининг 1-курс талабалари учун дарслар 3 сентябрдан бошланса, юқори курс талабалари учун ўқув йили 8 сентябрдан старт олади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар