Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бозор хавфсизлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам ташланмоқда. 21 август куни жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Лойиҳанинг асосий мақсади мамлакатдаги озиқ-овқат ҳамда бошқа турдаги маҳсулотларнинг хавфсизлиги ва сифатини кафолатлаш, шу билан бирга бозор назорати соҳасидаги муносабатларни тизимли равишда тартибга солишдан иборатдир.
Янги тартибга кўра, бозор назорати органлари маҳсулотларнинг мажбурий стандарт ва меъёрларга тўлиқ мувофиқлигини текшириш ваколатига эга бўлади. Агар текширув жараёнида саломатликка жиддий хавф солиши мумкин бўлган ёки сифат жиҳатидан талабга жавоб бермайдиган маҳсулотлар аниқланса, уларни муомаладан олиб ташлаш чоралари кўрилади. Шунингдек, ишлаб чиқарувчи ёки сотувчига нисбатан молиявий санкциялар қўлланиши ҳам кўзда тутилмоқда.
Муҳим жиҳати шундаки, назорат харидлари жисмоний ва юридик шахслар фаолиятига ноқонуний аралашишсиз, икки нафар холис иштирокида ҳамда видеотасвирга олиш орқали амалга оширилади. Бу жараён шаффофликни таъминлаб, ҳар қандай сунъий тўсиқ ёки манфаатдорликка йўл қўймасликка хизмат қилади.
Қонун лойиҳасида жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳам устувор вазифа сифатида белгиланган. Хусусан, сифатсиз ёки хавфли маҳсулотлар ҳақида маълумот берган фуқароларни моддий жиҳатдан рағбатлантириш механизми жорий қилиниши режалаштирилган. Вазирлар Маҳкамаси ушбу механизмни 4 ой ичида тасдиқлаши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, қонун лойиҳаси бўйича муҳокамалар 5 сентябргача давом этади. Агар ҳужжат қабул қилинса, у 2026 йил 1 июлдан расмий кучга киради. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу чора-тадбирлар бозор хавфсизлигини сезиларли даражада ошириши, сифатсиз маҳсулотлар оқимини чеклаши ва энг муҳими, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар