date

Микромолиядан банккача: Марказий банк янги тартиб жорий этди

Микромолиядан банккача: Марказий банк янги тартиб жорий этди

Марказий банк бошқаруви муҳим қарор қабул қилди ва микромолия ташкилотлари ҳамда банк фаолиятини ўзгартириш жараёнини тартибга солувчи янги низомни тасдиқлади. Ушбу ҳужжат молия муассасалари учун фаолият йўналишини ўзгартиришдаги аниқ талаблар ва хусусиятларни белгилайди.

Энди:

  • микромолия ташкилоти микромолия банкига айланиши,

  • микромолия банки тўлиқ банкка трансформация қилиниши,

  • банк микромолия банки мақомига ўтиши ёки аксинча,

  • микромолия банки қайтадан ММТ сифатида фаолият юритиши мумкин.

Шу билан бирга, агар микромолия ташкилоти ўз мақомини микромолия банкига ўзгартирмоқчи бўлса, у албатта акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган бўлиши талаб этилади.

Янги низомга кўра, микромолия банкини ташкил этиш жараёни икки босқичда амалга оширилади:

  1. Дастлабки рухсатнома бериш,

  2. Банк рўйхатдан ўтказилиб, бир вақтнинг ўзида лицензия топшириш.

Банклар, микромолия банклари ёки микромолия ташкилотлари фаолият турини ўзгартириш истагида бўлса, улар Марказий банкка электрон тарзда ариза билан мурожаат қилишлари керак бўлади. Аризалар белгиланган қонунлар – “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида” ҳамда “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги ҳужжатлар асосида кўриб чиқилади.

Ариза кўриб чиқилгани учун белгиланган тўловлар ҳам мавжуд:

  • дастлабки рухсатнома учун – БҲМнинг 5 баравари,

  • лицензия учун – устав капитали энг кам миқдорининг 0,1 фоизи,

  • лицензияни қайта расмийлаштириш учун – юқоридаги миқдорнинг ярми.

Шу тариқа, Марказий банк томонидан жорий этилган янги тартиб молия секторида шаффофлик ва тизимлиликни кучайтириши, шунингдек, молиявий бозордаги ўтиш жараёнларини янада аниқ ва тартибли қилишга хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Микромолиядан банккача: Марказий банк янги тартиб жорий этди