Ўзбекистон тарихида муҳим воқеа сифатида қайд этилган Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг илк давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида 15 та муҳим ҳужжат имзоланди. Шунингдек, икки давлат ўртасида визасиз режим жорий этилиши ҳақида эълон қилинди. Ташриф чоғида энг катта воқеалардан бири сифатида президент Шавкат Мирзиёев Иордания қироллигининг энг юксак мукофоти — «Ан-Наҳда» ордени билан тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ушбу ташриф ва мукофотнинг аҳамияти ҳақида фикр билдириб, уни тарихий воқеа сифатида баҳолади:
— Самарқандда жуда катта тарихий учрашув бўлди. Президентимиз Иорданиянинг энг юксак ордени — «Ан-Наҳда» билан мукофотланди. Бу орден юксак эътиборга сазовор шахсларга бериладиган аломат ҳисобланади, — деди у.
Муфтий таъкидлашича, мазкур воқеа Ўзбекистоннинг бугунги сиёсати дунёда намуна сифатида кўрсатилаётганидан далолатдир:
— Президентимиз ташаббуси билан нафақат ички сиёсатимиз, балки қўшни давлатлар билан муносабатларда ҳам тубдан ислоҳотлар амалга ошириляпти. Олдинги йиллар билан ҳозирги ҳолатни таққосласак, фарқни ҳамма кўриб турибди. Аввал ёпиқ давлат бўлган Ўзбекистон энди кенг майдонга чиққан, қўшнилар билан эркин алоқалар ўрнатган. Бу жараён энди Яқин Шарқ ва араб давлатлари билан ҳам янги босқичга кўтарилди. Президентимизнинг узоқни кўра билишлари ва сиёсий иродаси бу жараёнга замин яратди, — дея таъкидлади шайх Нуриддин Холиқназар.
Муфтий фикрича, Иордания мусулмон дунёсида ўз нуфузига эга давлат сифатида Ўзбекистон учун муҳим ҳамкор ҳисобланади.
— Президентимиз араб давлатлари билан муносабатларни кучайтирди. Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар билан яхши алоқалар йўлга қўйилди. Бу нафақат иқтисодий ёки сиёсий соҳада, балки диний ва маънавий ҳамкорликка ҳам катта ҳисса қўшади. Шунинг учун бу орден нафақат президентимизга, балки бутун ўзбек халқига берилган улкан шарафдир. У Ўзбекистон раҳбарининг жаҳон миқёсида ўз ўрнини топганини англатади, — деди у.
Шу тариқа, Иордания подшоҳининг ташрифи нафақат икки давлат муносабатларини мустаҳкамлади, балки Ўзбекистоннинг халқаро сиёсатдаги нуфузини янада оширди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!