date

Ички ишлар тизимида дронлар орқали назорат ишлари бошланди

Ички ишлар тизимида дронлар орқали назорат ишлари бошланди

Ички ишлар органларида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, шунингдек уларни тез ва самарали аниқлаш мақсадида учувчисиз учиш аппаратлари – дронлардан фойдаланиш бошланди. Бу ҳақда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари Раҳимжон Наимов ахборот берди.

Маълум қилинишича, Ички ишлар вазирлиги тизимида дронлардан биринчи навбатда Бухоро вилоятида фойдаланиш бошланган. 2024-йилда давлат раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқ асосида вилоят ҳокимлиги томонидан умумий 150 та замонавий дронлар харид қилинган эди.

“Ҳозирда 5 та вилоятнинг 84 та ҳуқуқни муҳофаза қилиш масканлари ходимларини дронлар билан таъминлаш чоралари амалга оширилмоқда. Ушбу қурилмалар вазирлик томонидан сотиб олинди. Шунингдек, яқин келгусида яна дронлар харид қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. 2026-йил охирига қадар барча туман ва шаҳар бўлимларини учувчисиз учиш аппаратлари билан тўлиқ таъминлаш режалаштирилган”, дейди Раҳимжон Наимов.

Вазирлик вакили таъкидлашича, дронлар асосан криминоген вазияти оғир бўлган ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, майда безорилик, экологик қоидаларни бузиш ва гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ қонунбузарликларни аниқлаш ҳамда профилактика чораларини амалга оширишда фойдаланилмоқда.

“Дронлар орқали ҳаводан назорат олиб борилади, аниқланган ҳолатлар бўйича ички ишлар ходимлари тезкор чоралар кўради. Учувчисиз учиш аппаратлари ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишда сезиларли даражада самара беряпти”, дейди у.

Қўшимча қилинишича, профилактика катта инспекторлари дронларни самарали учириш ва бошқариш бўйича доимий равишда малакасини ошириб бориш амалиёти йўлга қўйилган. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, 2024-йилнинг апрел ойида Ички ишлар органлари фаолиятида дронлардан фойдаланиш жорий этилиши эълон қилинган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ички ишлар тизимида дронлар орқали назорат ишлари бошланди