date

Ўзбекистон ва Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини очмоқчи

Ўзбекистон ва Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини очмоқчи

Пекин шаҳрида 2 сентябр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг расмий делегация аъзолари иштирокида кенг кўламли музокаралар бўлиб ўтди.

Президент матбуот хизмати маълум қилишича, учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида барча йўналишларда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари тўлиқ муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни ва хитой халқини Ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тянзин шаҳридаги саммити муваффақиятли ўтгани билан самимий табриклади. Ўзбекистон Президенти шу билан бирга Хитой раҳбари томонидан илгари сурилган глобал бошқарув ташаббуси аҳамиятли ва долзарб эканини яна бир бор таъкидлади.

Давлат раҳбарлари икки мамлакат муносабатларида ўтган йилларда катта ютуқларга эришилганини қайд этишди. Барча даражалардаги алоқаларнинг суръати ортиб бораётгани, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, муҳим масалалар юзасидан томонлар ўзаро қўллаб-қувватлаётгани алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, “Ягона Хитой” сиёсати ва терроризм, экстремизм ҳамда сепаратизмга қарши курашиш масалаларида Ўзбекистоннинг позицияси ўзгармас экани тасдиқланди.

Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, технологик ва молиявий-инвестициявий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Мисол учун, ўтган йили товар айирбошлаш 14 миллиард доллардан ошган, йил бошидан эса яна 23 фоизга ўсиш қайд этилди. Саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш орқали ушбу кўрсаткични 20 миллиардга етказиш мақсад қилинган. Инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан ортиқни ташкил этиб, 2024-йилда умумий қиймати 10 миллиард доллардан ошган 64 та лойиҳа ишга туширилди. Ўзбекистон ҳудудларида қўшма технопарклар ва махсус индустриал зоналар фаолият юритмоқда, шунингдек, BYD электромобилларини ишлаб чиқариш кенгайтирилмоқда ва маҳаллийлаштириш даражаси ортирилмоқда.

Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашгани юқори баҳоланди. Хитой тажрибаси асосида мамлакатда камбағалликка барҳам беришга қаратилган қўшма тадбирларни амалга оширишда экспертлик кўмаги давом эттирилади. Инновацион лойиҳаларни илгари суриш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун Ўзбекистон ва Хитой томонидан сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Шунингдек, Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон стратегик темирйўли қурилишининг амалий босқичи бошлангани ҳам мамнуният билан қайд этилди.

Илм-фан, тиббиёт, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Мамлакатда Шимоли-ғарбий қишлоқ ва ўрмон университетининг филиали ҳамда Халқаро математика маркази очилди, Сиан нефт университети филиали очиш тўғрисида битим имзоланди, Пекин технология институти филиали очилиши режалаштирилмоқда. Жорий йилда Ўзбекистонда иккинчи Таълим форуми ўтказилади. Хитой тилини ўрганишни кенгайтириш ва ёшларни ўқитиш учун квоталарни кўпайтириш, Конфусий институтлари фаолиятини ривожлантириш қўллаб-қувватланди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудларида энергетика, машинасозлик, сунъий интеллект, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳалари учун мутахассислар тайёрлайдиган “Лу Бан устахоналари” ташкил этилади.

Шу кунларда Хитой Миллий музейидаги катта кўргазмада Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда. 2027-йилда Шанхай ва Пекинда санъат кўргазмалари ўтказилиши режалаштирилган. Ташриф доирасида маданий марказлар очиш тўғрисида тарихий битим қабул қилиниши ҳам режалаштирилган.

Учрашув давомида халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ, “Марказий Осиё—Хитой” формати ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида мувофиқлашув ва ўзаро қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбарини Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди ва икки томонлама ҳамкорлик истиқболини янада ривожлантиришда қатъий эканлигини билдирди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон ва Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини очмоқчи