Рақобат қўмитаси интернет тармоғида тарқалаётган Korzinka ва Coca-Cola номидан берилган реклама акциялари аслида фишинг схемаси эканини ошкор қилди. Фуқаролардан шахсий маълумотларни нотаниш шахсларга бермаслик ва акция ҳақидаги хабарларни расмий манбалардан текшириш талаб этилди.
Қўмита матбуот хизмати хабар беришича, интернет ва ижтимоий тармоқларда машҳур компаниялар номидан янги фирибгарлик схемалари пайдо бўлаётгани кузатилмоқда ва бу борада аҳоли огоҳ қилинмоқда.
Хусусан, тармоқларда Korzinka супермаркетлар тармоғи эгаси Anglesey Foodнинг фаолият бошлаганига 29 йил тўлгани муносабати билан мижозлар учун совғалар тайёрлагани ҳақида ахборотлар тарқалган. Унга кўра, Cubes музлатгичларини 27 минг сўм эвазига харид қилиш мумкинлиги ҳақидаги реклама хабарлари жойлаштирилган.
Шунингдек, Coca-Cola Ichimligi O‘zbekiston Ltd компанияси томонидан тарқалган рекламада ҳам брендланган мини музлатгич ва 24 дона ичимликни атиги 30 минг сўмга сотиб олиш мумкинлиги ҳақида маълумот берилган.
Акция шартларида иштирокчилардан совғаларни қўлга киритиш учун махсус ҳавола орқали ўтиш ёки қисқа сўровномани тўлдириш талаб қилинган.
Рақобат қўмитаси компанияларнинг расмий веб-сайтларини текшириб, мазкур акциялар ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот берилмаганини ва бу каби акциялар амалга оширилмаётганини аниқлади.
Қўмита қайд этишича, «Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ушбу акциялар иштирокчилари учун тақдим этилган совғалар олиш тартиби машҳур брендлар номидан амалга ошириладиган фишинг схемасига тўлиқ мос келади».
Шу боис, фуқароларга фирибгарликка учрамаслик учун номаълум ҳаволаларга кирмаслик, шахсий маълумотларни нотаниш шахсларга тақдим этмаслик ҳамда акция ҳақидаги ахборотни расмий манбалардан тасдиқлаш тавсия қилинмоқда. Бу эса интернетда хавфсизликни таъминлаш ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш учун муҳим қадам ҳисобланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!