date

Ўзбекистондаги ерларнинг 96 фоизи электрон харитага киритилди

Ўзбекистондаги ерларнинг 96 фоизи электрон харитага киритилди

Республика аэрогеодезия маркази маълумотларига кўра, сўнгги уч йил ичида мамлакатимиздаги барча ер майдонларининг 96 фоизи электрон рақамли хариталарга киритилди. Бу ҳақда Республика аэрогеодезия маркази бўлим бошлиғи И.Тоштанов маълум қилди.

Маълум қилинишича, топографик съёмка ишларини самарали ташкил қилиш учун махсус самолёт, аэрофотокамера ҳамда 112 та дрон харид қилинган. Шунингдек, соҳада 6 та ахборот тизими ва маълумотлар маркази фаолият бошлаган. Натижада захирадаги 1,2 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерларига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ва 675 минг аҳоли ҳамда фермерларга 425 минг гектар ер ажратилган.

Республикамиздаги ер фонди тоифалари бўйича ҳудудлар кесимида мониторинг ишлари ва хатловлар мунтазам амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда ер ресурсларини самарали бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш янги босқичга чиқди. Бунинг натижасида мамлакатимиздаги барча ер майдонларида босқичма-босқич хатлов олиб борилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ер тоифасида бўлган, амалда саноат ёки бошқа мақсадларда фойдаланилаётган ер майдонлари тўлиқ хатловдан ўтказилди ва Ҳукумат комиссиясига таклифлар киритилди. Республика аэрогеодезия маркази етакчи мутахассислари ушбу ер майдонларини хатловдан ўтказиб, электрон хариталари яратилди.

Ушбу ишлар Теcнам П2006Т русумли самолётда олинган аэрофотосуратлар ёрдамида амалга оширилган. Ортофопланлар тузилган ва харитага олинаётган ҳудудлардаги ҳар бир объект юқори аниқликда мавзули дешифровка қилинган.

Ҳозирги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари бўйича ер ҳисобида кўрсатилган ер майдонларининг амалдаги ҳолати ўрганилган. Хоразм вилоятидаги ер фондининг барча 8 та тоифаси бўйича маълумотлар таҳлил қилиниб, улардан амалда фойдаланиш ҳақида аниқлаштирилган.

Ҳисоботга кўра, Хоразм вилоятида жами ерлар 608 минг 158 гектар сифатида кўрсатилган бўлса, хатлов натижасида ушбу ер майдони 618 минг 432 гектарга етказилган. Ер тоифаларининг ўзгариши асосан қишлоқ хўжалиги ерларига тўғри келган ва ҳисобот бўйича қишлоқ хўжалиги фондида турган ер майдонлари амалда ер фондининг бошқа турларига ўтган. Жумладан, аҳоли пунктлари ерлари, саноат ерлари, тарихий-маданий аҳамиятга эга ерлар, сув ерлари ва табиатни муҳофаза қилиш ерлари ҳисобидан.

Умуман, Хоразм вилоятида Ер кодексининг 9-моддасига асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 60 минг 284 гектар ер бошқа ер тоифасига ўзгартирилиб, Ҳукумат комиссиясига таклиф тайёрланди.

Бошқа ҳудудларда ҳам қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни хатлов қилиш ишлари амалга оширилган. Масалан, Андижон вилоятида ҳисобот бўйича 360 минг 585 гектарни ташкил этган ер майдони ўрганиш натижасида 294 минг 756 гектарга аниқланган. Самарқанд вилоятида 1 миллион 466 минг 18 гектардан амалда 1 миллион 270 минг 376 гектарга камайиш кузатилган. Сурхондарёда 1 миллион 356 минг 595 гектардан амалда 1 миллион 221 минг 314 гектарга камайган.

Қишлоқ хўжалиги ерлари таркибидаги суғориладиган экин майдони ҳисобот бўйича 296 минг 982,7 гектарни ташкил этган бўлса, амалда 273 минг 475,3 гектар эканлиги аниқланган.

Шунингдек, 817 минг гектар аҳоли пунктлари ва саноат ерлари қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасида юритилиб келгани, ушбу ер участкаларини мулкдорларига хусусийлаштириш ва тўлиқ тасарруф қилишда тўсиқлар юзага келтирган.

Ҳозирга қадар Қорақалпоғистон, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразмда жами 542 минг гектардан зиёд ер участкалари тоифаларини ўзгартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, Ҳукумат комиссиясига киритилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистондаги ерларнинг 96 фоизи электрон харитага киритилди