date

«Довут ота» постидан Қозоғистонга ўтиш чеклови узайтирилди

«Довут ота» постидан Қозоғистонга ўтиш чеклови узайтирилди

Қозоғистоннинг «Тажен» (Қорақалпоғистондаги «Довут ота») чегара ўтказиш пункти орқали чегарани кесиб ўтишга қўйилган чеклов 2025 йилнинг 31 декабригача узайтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси расмий маълумот берди.

Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитасининг маълум қилишича, «Тажен» (Ўзбекистон Республикасининг «Довут-ота» чегара божхона постига туташ) орқали жисмоний шахслар, енгил автомобиллар, автобуслар, ҳамда рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк машиналари ҳаракати бўйича 2025 йил 1 февралдан киритилган чекловлар йил охирига қадар амал қилади.

Муддатнинг узайтирилиши чегара пунктидаги иккинчи босқич қурилиш ишлари билан боғлиқ. Хусусан, маъмурий биноларда капитал таъмирлаш, шунингдек, йўл қопламаларида бетонлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бироқ, рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ортиқ юк машиналари «Тажен» (Қозоғистон) – «Довут ота» (Ўзбекистон) чегара ўтказиш пункти орқали ҳаракат қилиш имкониятига эга.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Божхона қўмитаси жисмоний шахслар учун «Қорақалпоғистон» темир йўл пункти орқали «Нукус-Бейнеу» йўналишида қўшимча йўловчи поездлари қатнови йўлга қўйилганини маълум қилди. Бу чора чегарадан тез ва қулай ўтишни таъминлаш мақсадида амалга оширилган.

Эслатиб ўтиш лозимки, мазкур назорат-ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланиш бир неча ой давомида тўхтатилган эди. Бошланғичда жараён 2025 йил 1 февралдан уч ойга чекланган, кейин эса узайтирилиб 1 сентябргача давом этган. Энди эса йил охиригача барча чегара ҳаракатлари чекловлар билан амал қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » «Довут ота» постидан Қозоғистонга ўтиш чеклови узайтирилди