Жиззах вилоятининг Арнасой туманида ҳақиқий тарихий воқеа рўй берди — ҳудудда қурилиши қизғин суръатларда давом этаётган замонавий аэропортга илк бор йўловчи самолёти қўнди. Бу ҳақда ЎзА агентлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Uzbekistan Airways авиакомпаниясига тегишли Let-410 туркумидаги ҳаво кемаси муваффақиятли парвозни амалга ошириб, синов тариқасида қўнди. Бу жараён орқали аэропортнинг техник имкониятлари амалда текширилди ва тўлиқ ишга тушишга тайёргарлик даражаси баҳоланди.
Мутахассислар таъкидлашича, янги аэропорт тўлиқ фаолият бошлагандан сўнг, у нафақат ички рейслар учун, балки халқаро йўналишлар учун ҳам хизмат кўрсата олади. Бу эса минтақага туристик оқимни кескин ошириши, иқтисодий юксалишга катта ҳисса қўшиши кутилмоқда. Шу орқали янги иш ўринлари яратилиб, кичик ва ўрта бизнес учун қатор имкониятлар очилади, хизмат кўрсатиш соҳасида фаоллик кучаяди.
Аҳоли ва маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам аэропортнинг ишга тушиши катта қулайлик ва янги имкониятларни яратади. Хусусан, Арнасой тумани Жиззах вилояти миқёсидаги эмас, балки мамлакат даражасидаги муҳим стратегик ва туристик нуқтага айланиши мумкинлиги айтиб ўтилмоқда.
Янги аэропортнинг ишга тушиши ҳудуднинг транспорт логистикасида янги саҳифа очиши, шунингдек, мамлакат туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилиши аниқ. Бу жараён Жиззахни келажакда Ўзбекистоннинг энг йирик туристик марказларидан бирига айлантириш йўлида муҳим қадам бўлиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!