Кўпчилик орасида қизиқиш уйғотадиган саволлардан бири — оёқяланг ҳолда машина ҳайдаш мумкинми? Айримлар бундан қулайлик топиши мумкин, аммо мутахассислар ва ҳуқуқшунослар бу амалиёт нафақат саломатлик, балки қонун нуқтаи назаридан ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Йўл ҳаракати қоидаларида аниқ “оёқяланг ҳайдаш тақиқланади” деган норма йўқ. Бироқ ҳар бир ҳайдовчи транспорт воситасини хавфсиз бошқариши ва йўлдаги бошқа иштирокчиларга таҳдид туғдирмаслиги шартлиги белгилаб қўйилган. Шу сабабли, оёқяланг ҳайдаш қонунан хавфли ҳолат сифатида баҳоланиши мумкин.
Қайси ҳолларда жазо қўлланилади?
Агар оёқяланг ҳайдаш натижасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берса ёки мулкка зарар етказилса, ҳайдовчи жаримага тортилиши ёки ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиниши мумкин. Одатда, енгил ҳодисалар учун жарима энг кам иш ҳақининг 1–2 баравари миқдорида белгиланади ёки ҳайдовчи 6 ойдан 1 йилгача машина бошқариш ҳуқуқидан айрилиши мумкин. Агар етказилган зарар оғир бўлса, жазо янада кучайтирилади.
Нега оёқяланг ҳайдаш хавфли?
-
Педални тўлиқ босиш қийинлашади — бу ҳайдовчи назоратини сусайтиради.
-
Оёқнинг сирпаниши эҳтимоли ошади — бу эса авария хавфини кучайтиради.
-
Фавқулодда вазиятларда реаксия кечикиши мумкин — тормоз бериш ёки тезкор ҳаракат қилишда кечиккан ҳолат жиддий оқибатларга олиб келади.
Мутасаддилар нима тавсия қилади?
Машинани ҳар доим қулай, хавфсиз ва сирпанмайдиган поябзал билан ҳайдаш лозим. Бу нафақат ўзингизни, балки йўлдаги бошқа фуқаролар ҳаётини асрашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу тариқа, оёқяланг ҳайдаш қонун билан аниқ тақиқланмаган бўлса-да, унинг хавфли экани ва жазога олиб келиши мумкинлиги барча ҳайдовчилар учун огоҳлантирувчи мисол бўлиши керак.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!