Ўзбекистондаги олийгоҳ, техникум ва мактабларда энди хитой тили ҳам расман ўқитилади. Бу ҳақда 9 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди. Мамлакат раҳбари таъкидлаганидек, бу қадам ёш авлодни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларга доимий даромад манбаини таъминлаш ва камбағаллик ҳамда ишсизлик даражасини камайтиришга хизмат қилади.
“Мени ташвишга солаётган асосий масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиш ва уларга барқарор даромад топиш имкониятини яратиш. Агар бу жараённи тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди”, – деди Президент йиғилишда.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик доирасида давлат раҳбари Хитойга ташрифлари давомида энергетика, геология, кимё, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари соҳаларидаги йирик компаниялар раҳбарлари билан 35 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар пакети тузилганини ҳам маълум қилди. Бу лойиҳалар учун технологиялар ва хитой тилини яхши билишга эга бўлган минглаб малакадор кадрлар зарурлиги таъкидланди.
Шу мақсадда ҳар бир вилоятда 2 тадан “Ўзбекистон – Хитой устахонаси” ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу марказлар орқали ёшлар хитой тажрибаси ва замонавий технологиялар асосида касбга ўргатилади.
Ҳозирда олийгоҳлар, техникумлар ва мактабларда хитой тилини ўқитиш учун 100 дан ортиқ тил эгаси ва волонтёрлар жалб қилинади. Ушбу қадам нафақат таълим тизимини ривожлантиришга, балки келгусида мамлакатдаги йирик инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш учун зарур кадрларни тайёрлашга ҳам хизмат қилади, деб хабар берди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!