Юқори синфларда энди сунъий интеллект (AI) бўйича махсус дарслар йўлга қўйилади, бу орқали иқтидорли ўқувчиларга янги имкониятлар ва келажакдаги касбий ривожланиш учун шароитлар яратилади. Бу ҳақда 9 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида таълим соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, 2024 йилдан бошлаб 1-синфлар учун ахборот технологиялари дарслари йўлга қўйилган бўлса, кейинги ўқув йилидан юқори синфларда сунъий интеллект бўйича махсус дарслар ҳам жорий этилади. Бу қадам орқали ёшлар замонавий технологияларни пухта ўзлаштириб, мураккаб масалаларни ечиш қобилиятини ривожлантириши кўзда тутилган.
Бу дастур учун мамлакатдаги 2 мингта синф хонаси компьютерлар билан жиҳозланиши ва 6 минг 300 та интерфаол доска ўрнатилиши зарур бўлади. Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, мазкур эҳтиёжлар учун зарур маблағлар кейинги йил давлат бюджетига киритилиши режалаштирилган.
Иқтидорли ва истеъдодли ўқувчиларга максимал шароит яратиш мақсадида, вилоятларда ахборот технологиялари бўйича ихтисослашган Ал-Хоразмий мактаби, муҳандислик йўналиши бўйича Мирзо Улуғбек мактаби ва табиий фанлар йўналишида Ибн Сино мактаби филиаллари ташкил этилади. Бу мактаблар ҳудуддаги тегишли техника олийгоҳларига номма-ном бириктирилади ва муваффақиятли битирувчилар уларнинг 2-курсига автоматик равишда қабул қилинади.
Шунингдек, 2026 йилда мактаб ўқувчилари ўртасида халқаро кимё ва информатика олимпиадалари Ўзбекистонда илк бор Марказий Осиё давлатлари доирасида ўтказилади. Бош вазирга пойтахтда ушбу олимпиадаларни юқори савияда ташкил қилиш ва барча ташкилий жараёнларни назоратда ушлаб туриш топширилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан халқаро фан олимпиадаларида Ўзбекистон ўқувчилари 195 та медални қўлга киритган ва уларга қўйилган ставка бўйича жами 10 миллиард сўм, мураббийлар ва ўқитувчиларга эса 3,5 миллиард сўм пул мукофоти ажратилган эди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!