Президент Янги Тошкентга сармоя жалб этишда элчилар учун янги вазифа юклади (видео)

Президент Янги Тошкентга сармоя жалб этишда элчилар учун янги вазифа юклади (видео)
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентга сармоя жалб этиш бўйича элчиларга ҳар ойда камида битта инвестор олиб келишдек қатъий талаб қўйди.
  • Дипломатлар инвестор билан бирга лойиҳа майдонига бориб, ишни бошлаб берганидан сўнггина ўз мамлакатига қайтиши мумкин бўлади.
  • Янги Тошкентга реал инвестиция ва инновация олиб келган ҳар бир тадбиркорга алоҳида шароитлар яратилади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатнинг бош стратегик шаҳарсозлик мегалойиҳаси — Янги Тошкентни барпо этиш ва унга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда ҳукумат аъзолари, тадбиркорлар, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги фавқулодда ва мухтор элчилари иштирок этди.

Давлат раҳбари лойиҳага янги сармоя ва илғор технологияларни олиб келадиган ҳар бир тадбиркор давлатнинг алоҳида эътиборида бўлишини таъкидлаб, дипломатик корпус вакиллари олдига илгари кузатилмаган қатъий талабларни қўйди.

«Элчилар учун янги талаб: Ойига битта инвестор»

Президент хориждаги элчилар фаолиятини бевосита Янги Тошкентга сармоя олиб келиш билан боғлади ва дипломатлар энди кабинетда шунчаки ўтирмаслигини маълум қилди:

  • Қатъий кўрсатма: «Бугун элчиларимиз ҳам ўтирибди, ташқи ишлар вазиримиз ҳам ўтирибди. Энди шундай бўлади: ҳар бир элчи бир ойда битта инвестор олиб келмаганча кабинетда ўтирмайди», — дея кескин таъкидлади Президент;

  • Жараённи жойида ҳал қилиш: Дипломатлар хорижий сармоядорни Тошкентга олиб келиб, лойиҳа амалга ошириладиган ер майдонини аниқлаб, ишни бошлаб берганидан кейингина ўз қароргоҳига қайтиши белгиланди.

«Инвесторларга алоҳида муносабат бўлади»

Давлат раҳбари йиғилишда иштирок этаётган ишбилармон доиралар вакилларининг ҳар бир фикрини батафсил тинглашга тайёрлигини билдирди:

  • Шахсий эътибор: Янги Тошкентга реал инвестиция ва инновация олиб кирадиган ҳар бир тадбиркорга яшил йўлак очилиб, алоҳида шароитлар яратиб берилади;

  • Асосий мақсадлар: Бундай шароитлар нима учун яратилаётганига тўхталар экан, давлат раҳбари бу халқ ва тадбиркорлар манфаатига хизмат қилишини урғулади:

    «Ким учун қиляпмиз? Тадбиркорлар учун. Нима учун? Йўлимиз осон бўлиши учун. Нима учун? Даромадимиз кўпайиши учун. Нима учун? Сизларга шароит яратиш учун».

Янги Тошкент лойиҳаси нафақат замонавий меъморчилик маркази, балки дипломатия, хорижий капитал ва маҳаллий бизнес ўртасидаги узвий ҳамкорлик майдонига айланиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар