Тошкент осмонида самолёт бир неча кун паст учади

Тошкент осмонида самолёт бир неча кун паст учади

Тошкент аҳолиси яқин кунларда осмон бўйлаб одатдагидан пастроқ баландликда учаётган самолётни кўриши мумкин. «Ўзаэронавигация» маълумотига кўра, 20 августдан бошлаб пойтахт устида AVION лаборатория ҳаво кемаси ёрдамида режали парвоз текширувлари ўтказилмоқда.

Текширувлар давомида самолёт тахминан 1 000 метр баландликда турли йўналишларда парвоз қилиши, манёврлар бажариши ва бир ҳудуд устидан бир неча бор учиб ўтиши мумкин. Шу сабабли айрим жойларда унинг двигател овози одатдагидан баландроқ эшитилиши ёки самолёт бир нуқтада қайта-қайта айланаётгандек кўриниши эҳтимоли бор.

Мутахассислар мазкур парвозлар фавқулодда вазият ёки самолётдаги носозлик билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаган. Бу — Тошкент аэропортлари ҳудудидаги аэронавигация тизимларини режали равишда назоратдан ўтказиш ишлари.

Текширувларнинг асосий мақсади радиотехник воситаларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш ҳамда ҳаво кемаларининг хавфсиз ва мунтазам парвозини таъминлашдан иборат. Ишлар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) талаблари ва Ўзбекистон фуқаро авиациясининг амалдаги меъёрлари асосида олиб борилмоқда.

AVION — «Ўзаэронавигация» томонидан махсус вазифалар учун ташкил этилган авиакомпания бўлиб, у аэродромларнинг радиотехника воситалари ва ёруғлик-сигнал ускуналарини текшириш ҳамда калибрлаш билан шуғулланади. Компания таркибида бундай вазифалар учун юқори аниқликдаги ускуналар билан жиҳозланган Diamond лаборатория ҳаво кемаси мавжуд.

Расмийлар Тошкент аҳолиси ва меҳмонларини ушбу парвозлардан хавотирга тушмасликка чақирган. Режали текширувлар бир неча кун давом этади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан муҳокама қилингЯнгиликни таҳлил қилинг, фойдали маслаҳатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар