Ўзбекистонда аҳолини сўнгги бор умумий рўйхатга олиш 1989 йилда амалга оширилган эди. Энди эса мазкур кенг қамровли тадбир 2026 йилнинг 15 январидан 28 февралгача ташкил этилиши режалаштирилган. Рўйхатга олиш жараёни дастлабки 17 кун давомида интернет орқали онлайн тарзда ўтказилади, кейин эса бир ой мобайнида маҳалла еттилиги иштирокида уйма-уй юриб амалга оширилади.
Бу муҳим ташаббус орқали давлат харажатлари 1,3 триллион сўмга қисқартирилиши ва рўйхатга олиш жараёнининг содда, тез ҳамда шаффоф бўлиши алоҳида таъкидланмоқда. Саволлар сони ҳам аввалги 328 тадан 71 тага камайтирилди, бу эса жараённи янада қулай ва самарали қилади.
Рўйхатга олишда Европа статистика конференцияси тавсиялари асосида аҳолининг таркиби, миграция ҳолати, оилавий вазияти ва даромад манбалари бўйича ягона маълумотлар базаси яратилади. Шу тариқа, давлат аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий ҳолати ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумотга эга бўлади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича ҳам аниқ статистика йиғилади. Ер майдонларидан фойдаланиш, чорва ва парранда сони ҳисобга олинади. Бу маълумотлар орқали қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган маблағлар самарадорлиги оширилади ва мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади.
Рўйхатга олишни самарали ташкил этиш мақсадида маҳалла еттилиги ходимлари махсус ўқув дастури асосида тайёрланади ва қўллаб-қувватланади. Шу билан бирга, кенг тарғибот ишлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали фаол олиб борилади.
Мазкур тадбирлар аҳоли ҳақидаги демографик ва иқтисодий маълумотларни аниқ базада йиғиш орқали давлатнинг стратегик сиёсатини самарали амалга оширишга хизмат қилади ва аҳоли турмуш тарзини яхшилашда муҳим роль ўйнайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!