Тошкент шаҳридаги талабалар турар жойига оид муаммолар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Бу масалага оид аниқлик киритиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий баёнот берди.
Вазирлик маълум қилишича, талабаларни турар жойга жойлаштириш жараёни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 376-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламент асосида амалга оширилмоқда. Яъни барча жараён қонунчилик талаблари ва расмий тартибга мувофиқ олиб борилмоқда.
2024/2025 ўқув йилдан бошлаб барча курс талабалари учун ётоқхонага жойлашиш тўлиқ онлайн усулида амалга оширилмоқда. Талабалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза юбориши мумкин. 2025 йил 12 сентябр ҳолатига кўра, умумий 63 804 та ариза қабул қилинган бўлиб, шу талабалардан 40 265 нафар учун йўлланмалар автоматик тарзда шакллантирилган, 21 767 нафар талаба эса навбатда турган.
Вазирлик таъкидлашича, аризаларнинг “жараёнда” туриши кечиктириш эмас, балки регламентга мувофиқ навбат шакллантирилганини кўрсатади. Ўринлар босқичма-босқич тақсимланади ва аввало ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган талабалар учун устуворлик берилади.
Аризаларни кўриб чиқиш тартиби қуйидагича: агар ётоқхонада бўш ўрин мавжуд бўлса, йўлланма автоматик шакллантирилади; агар бўш ўрин бўлмаса, талаба навбатга қўйилади ва бу ҳақда хабарнома олади; шунингдек, ўрин бўшаган тақдирда навбатдаги талабалар жойлаштирилади.
Бундан ташқари, Ҳукуматнинг 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарорига мувофиқ, ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ижара асосида яшовчи талабалар учун ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган. Тошкент шаҳрида бу миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (ҳозирда 412 минг сўм), бошқа ҳудудларда эса ярим баравари (206 минг сўм) ташкил этади.
Шу боис, талабаларни ётоқхонага жойлаштириш ва ижара харажатларини қоплаш жараёнлари қонунчиликда белгиланган тартиб ва босқичма-босқич усулда амалга оширилмоқда. Бу эса талабаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатлари сақланиб, уларнинг яшаш шароитлари ҳам тўлиқ таъминланишига хизмат қилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!