date

Экология вазирлиги 20 та корхона фаолиятини вақтинча тўхтатди

Экология вазирлиги 20 та корхона фаолиятини вақтинча тўхтатди

Экология вазирлиги матбуот хизмати жорий йилнинг дастлабки 8 ойи давомида Тошкент шаҳри атмосфераси сифатини яхшилаш, ҳавони тоза ва соғлом сақлаш мақсадида бир қатор муҳим ва ижобий ўзгаришлар амалга оширилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 2025 йил январдан августгача бўлган даврда 1452 та объект текширувдан ўтказилган, шу билан бирга 174 та тунги рейд тадбири ташкил этилган ва 281 та қонун бузилиш ҳолати аниқланган. Шу жараёнда 154 нафар шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилган ва 20 та корхона фаолиятини вақтинча тўхтатиш тўғрисида судга ариза киритилган. Шунингдек, 179 та қонунбузарлик ҳолати бартараф этилган.

Муҳим эътибор қаратиладиган жиҳат шундаки, ушбу даврда 11 та замонавий қозон, 19 та самарали фильтр ва 12 та чанг тозалаш ускуналари ўрнатилган. Бу чора-тадбирлар корхоналарнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш ва ҳудудларда ҳаво сифатини яхшилашга қаратилган.

2025 йилда йирик қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ва бошқа 1–2-тоифага мансуб 60 та корхона томонидан 200 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган. Бу тадбирлар нафақат шаҳарни яшиллаштиришга, балки экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Ҳар йили икки босқичда ўтказиладиган “Тоза ҳаво” ойлигининг биринчи босқичида (10 апрель – 10 май) Тошкентда 40 050 та автотранспорт воситаси текширилган. Уларнинг 586 тасида атмосфера ҳавосига чиқараётган зарарли газлар миқдори меъёрдан ошганлиги аниқланган ва белгиланган тартибда камчиликлар бартараф этилган. Ушбу чоралар натижасида атмосферага 4,7 минг тонна зарарли чиқиндиларнинг тарқалиши олди олинган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Экология вазирлиги 20 та корхона фаолиятини вақтинча тўхтатди