2026 йил Ўзбекистонда ёшларни касб-ҳунар ва замонавий малакаларга ўргатиш йили бўлиши белгиланди. 15 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқот чоғида бу муҳим ташаббусни эълон қилди.
Давлат раҳбари ёшларнинг фақат назарий билим билан чекланмасдан, касбий кўникмаларни мукаммал ўзлаштириши ва хорижий тилларни эгаллаши муҳимлигини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, мамлакат иқтисодиётига йилига 30–35 миллиард доллар миқдорида инвестициялар жалб этилади, минглаб янги корхоналар ташкил этилади ва фаолият бошлайди. Натижада, ҳар йили 250–300 минг юқори даромадли иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда. Ёшлар ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиши учун Касбий таълим агентлиги ташкил этилади ва мамлакатдаги 598 та техникумда халқаро стандартлар жорий қилинади.
Келгуси бир йил ичида Германия, Швейцария, Корея, Хитой ва Британия каби илғор давлатларнинг замонавий таълим дастурлари 100 та техникумда йўлга қўйилади. Шунингдек, исталган талабгор талабалар техникумларда халқаро малака имтиҳонларини топшириб, халқаро сертификатга эга бўлиш имкониятига эга бўлади. Ҳозирда Англиянинг “Pirson” компанияси билан ҳамкорликда 14 та техникумда “BITEK” дастури фаолият бошлади.
Президент мулоқотида дуал таълим қамрови 5 баравар кенгайтирилиши, техникумларда хорижий тиллар дарс соатлари 4 марта оширилиши, ҳамкор корхоналар учун 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилиши ва 2026 йилдан техникум битирувчилари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган рақамли платформа ишга туширилиши таъкидланди. Бу чора-тадбирлар ёшларнинг касбий тайёргарлиги ва меҳнат бозорига тайёрлиги даражасини сезиларли ошириб, уларнинг келажакдаги самарали ва миқдорли фаолияти учун барқарор асос яратади.
2026 йил ёшлар учун янги имкониятлар йили сифатида тарихда қайд этилиши аниқ. Энди ҳар бир битирувчи ўз истак ва қобилиятига қараб замонавий билим ва касбий кўникмаларни эгаллайди, бу эса мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши ва ёшлар фаолиятининг самарадорлигини анча оширади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!