date

Президент Бўстонлиқдаги “Чимён” умуммавсумий курорти билан танишди

Президент Бўстонлиқдаги “Чимён” умуммавсумий курорти билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилаётган янги туризм мажмуаси — “Чимён” умуммавсумий халқаро курорти имкониятлари билан яқиндан танишди. Сўнгги йилларда ҳудудда инфратузилма изчил ривожланиб, йилнинг тўрт фаслида ҳам мароқли саёҳат учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Амирсой, Чиноркент ва Чорвоқ дарвозаси каби йирик туризм мажмуалари ишга туширилиб, замонавий меҳмонхоналар, дам олиш ва овқатланиш масканлари фаолият бошлади. Эндиликда бу қаторга Франциянинг “MND” компанияси ҳамкорлигида қурилаётган “Чимён” курорти ҳам қўшилмоқда. Лойиҳа учун 1 минг 278 гектар майдон ажратилган.

Лойиҳа доирасида меҳмонхоналар, денгиз сатҳидан 3 минг 300 метр баландликкача осма дор йўли барпо этилиши режалаштирилган. Бу эса йилнинг ҳар мавсумида туризмни ривожлантириш имконини яратади. Қишда чанғи ва сноуборд спорти, бошқа ойларда эса тоғ сайёҳлиги ва кўнгилочар ҳордиқ имкониятлари таклиф этилади.

Давлат раҳбари мазкур ҳудуддаги меҳмонхона, ресторан ва савдо иншоотларини кўздан кечирди. Хусусан, 6 қаватли замонавий меҳмонхона 320 нафар сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, йил давомида ўртача 45 минг туристга хизмат кўрсатиши кутилмоқда. Бу ерда “Wyndham” бренди билан ҳамкорликда бошқарув йўлга қўйилиши эса хизмат сифати ва мамлакат туризмининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилади. Меҳмонхонани ноябр ойида ишга тушириш режалаштирилган.

Шунингдек, ҳудудда 7 ва 5 қаватли апарт-отеллар, 7 қаватли меҳмонхона ва 2 қаватли ресторан қурилган. Бу мажмуаларда халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиб, йиллик 54 мингдан зиёд сайёҳни қабул қилиш мўлжалланган. Ушбу лойиҳалар орқали камида 100 та янги иш ўрни яратилади. Айни вақтда 6 та шале қурилиши ҳам давом этмоқда.

Шунингдек, 300 та автомашинага мўлжалланган тураргоҳ ҳам барпо этилган. Унинг биринчи қаватида ресторан, болалар майдончаси ва савдо мажмуаси ташкил этилгани сайёҳлар учун янада кенг имконият яратади.

Умуман, “Чимён” курорти фаолиятга кириши натижасида минглаб янги иш ўринлари пайдо бўлиб, маҳаллий аҳоли учун барқарор даромад манбаи яратилади. Туристлар учун энг замонавий хизматлар таклиф этилар экан, мамлакатга ташриф буюрувчи меҳмонлар сони ҳам кескин ортади.

Шу билан бирга, туризм соҳаси бошқа тармоқлар билан уйғун ривожланмоқда. Савдо, хизмат кўрсатиш ва транспорт ҳаракатининг кўпайиши бутун ҳудуднинг иқтисодий қиёфасини янгилаяпти. Мана шу мақсадда автомобиль йўлида узунлиги 1 минг 450 метр бўлган туннел, 2 та кўприк ва пиёдалар йўлаклари ҳам қурилди. Бу йўл тоғ курортларига олиб бориш масофасини қисқартиради, хавфсизликни оширади ва соатига 500 дан зиёд автомашинанинг қулай ҳаракатланишига имконият беради.

Президент бу каби инфратузилма лойиҳалари нафақат туризм салоҳиятини ошириши, балки табиат мусаффолигини сақлаш ва сайёҳлар экологик маданиятини юксалтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Шу тариқа, Бўстонлиқ тумани табиий гўзалликлари, замонавий мажмуалари ва юқори хизмат маданияти билан мамлакат туризм харитасидаги етакчи марказга айланиб бормоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент Бўстонлиқдаги “Чимён” умуммавсумий курорти билан танишди