date

Ўзбекистонда ногиронликни аниқлаш жараёни тўлиқ рақамлаштирилади

Ўзбекистонда ногиронликни аниқлаш жараёни тўлиқ рақамлаштирилади

Мамлакатимизда аҳоли учун қулайлик яратиш ва шаффофликни кучайтириш мақсадида янги тизим йўлга қўйилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 587-сонли қарорига асосан ногиронликни белгилаш жараёни тўлиқ электрон шаклга ўтказилмоқда. Ушбу тартиб орқали инсон омилининг таъсири кескин камаяди, аҳоли учун эса янада қулай имкониятлар яратилади.

Эндиликда ногиронлик гуруҳи ва унинг муддатини аниқлаш масалаларига мурожаат қилиш фақат туман марказий поликлиникалари орқали эмас, балки “Инсон” марказлари, маҳаллий ижтимоий ходимлар, my.gov.uz электрон портали ҳамда оилавий шифокорлар орқали ҳам амалга оширилади.

2025 йил 1 апрелдан бошланган тажриба-синов жараёни доирасида Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида жами 12,5 мингта ариза қабул қилинган. Улардан:

– “Инсон” марказлари орқали – 6,5 минг (52,4 фоиз),

– оилавий шифокорлар орқали – 5,9 минг (47,5 фоиз),

– электрон портал орқали – 17 та (0,1 фоиз).

Аввалги тизимда мавжуд бўлган ягона мажбурий даволаниш муддати бекор қилинди. Янги тартибда эса беморнинг касаллик тури ва саломатлик ҳолатига қараб индивидуал муддат белгиланади. Хусусан:

– 22 ҳолат (1 фоиз) учун – 30 кун,

– 201 ҳолат (8 фоиз) учун – 60 кун,

– 237 ҳолат (10 фоиз) учун – 90 кун,

– 788 ҳолат (33 фоиз) учун – 120 кун,

– 1 141 ҳолат (48 фоиз) учун эса умуман даволаниш муддати талаб қилинмайди.

Шунингдек, сиртдан ногиронлик белгиланадиган касалликлар рўйхати ҳам кенгайтирилди. Агар аввал 48 турдаги касаллик киритилган бўлса, янги тартибда уларнинг сони 60 тага етказилди.

Янги электрон тизим ногиронликни белгилаш жараёнида ягона стандартларни жорий қилади. Бунинг орқали ногиронлик гуруҳи, муддати, беморнинг ўзгалар кўмагига эҳтиёжи, реабилитация ва протез мосламаларига муҳтожлик ҳақидаги барча маълумотлар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида автоматик равишда шакллантирилади.

Тизим дастлаб Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида иш бошлайди. 2025 йил 1 октябрдан эса унинг қўлланилиши мамлакатнинг барча ҳудудларига босқичма-босқич кенгайтирилади.

Бу янгилик фуқаролар учун ҳам, тиббиёт ходимлари учун ҳам катта енгиллик яратади. Чунки жараён тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда шаффоф ва тезкор амалга оширилади, одамлар эса ортиқча қоғозбозлик ва навбатларда вақтини йўқотмайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда ногиронликни аниқлаш жараёни тўлиқ рақамлаштирилади