Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов Ню-Йорк шаҳрида жойлашган БМТ бош қароргоҳига ташриф доирасида ташкилотнинг Янгиликлар хизмати директори Ян Филипс билан самарали учрашув ўтказди.
Учрашувда глобал ахборот майдонидаги долзарб масалалар, хусусан, воқеаларни аниқ, холис ва тезкор тарзда ёритиш зарурияти муҳокама этилди. Асадовнинг таъкидлашича, айни пайтда улкан ахборот оқими шароитида фактларнинг ҳаққонийлигини текшириш, дезинформацияга қарши самарали курашиш ҳамда кенг жамоатчиликнинг медиасаводхонлигини ошириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Суҳбат давомида БМТ Янгиликлар хизмати томонидан Ўзбекистон ташаббусларини, шу жумладан, халқаро миқёсдаги муҳим тадбирларини ёритишда кўрсатилаётган доимий қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдирилди. Асадовнинг қайд этишича, бу нафақат ахборот майдонидаги ишончни мустаҳкамлайди, балки мамлакат ташаббусларининг дунё ҳамжамиятида тўғри қабул қилинишига ҳам ёрдам беради.
Ян Филипс ўз навбатида Ўзбекистон билан медиасоҳадаги алоқаларни юқори баҳолаб, келгусида ҳамкорликни янада кучайтиришга тайёрлигини билдирди. Томонлар ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, янги медиа технологиялардан фойдаланиш ва дезинформациянинг олдини олишда ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келишиб олдилар.
Шу тариқа, учрашув икки томонлама ахборот ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва глобал медиа майдонида ҳаққоний маълумот тарқатишга қаратилган муҳим қадам сифатида қайд этилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!