Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрига етиб борди. У ерда давлат раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида иштирок этади.
Жон Кеннеди халқаро аэропортида Президентни АҚШ раҳбарининг глобал шерикликлар бўйича махсус вакили Паоло Замполли, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм ҳамда бошқа нуфузли шахслар тантанали равишда кутиб олди.
Ташриф доирасида Президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг умумий мунозаралари минбаридан нутқ сўзлайди. Унда Ўзбекистоннинг халқаро сиёсатдаги позицияси, долзарб глобал масалалар бўйича таклиф ва ташаббуслари ҳақида сўз юритиши кутилмоқда.
Давлат раҳбари шундан ташқари қатор хорижий мамлакатлар етакчилари, халқаро ташкилотлар ва йирик молиявий тузилмалар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади. Музокараларда сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилиши мумкин.
Шунингдек, АҚШнинг етакчи корпорациялари ва компаниялари раҳбарлари билан алоҳида мулоқотлар, давра суҳбатлари ҳам бўлиб ўтади. Бу учрашувларда Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар ва янги қўшма лойиҳалар муҳокама этилиши кутилмоқда.
Президентнинг Нью-Йорк сафари халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, мамлакат манфаатларини глобал майдонда кенгроқ тарғиб қилиш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!