“ICT Week Uzbekistan 2025” ҳафталигида мамлакатда миллий маълумот марказлари яратилиши ҳақида эълон қилинди. Ўзбекистон яқин келажакда ҳудудда жойлашган замонавий ва улкан қувватларга эга “cloud” хизматлари билан таъминланади,.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳа хорижий серверларга боғлиқ бўлмаган суверен рақамли инфратузилмани барпо этиш имконини беради. Маҳаллий IT-компаниялар Ўзбекистондаги замонавий қувватлардан фойдаланиб, ўз маҳсулотларини, шу жумладан сунъий интеллект ва технология соҳасидаги ишланмаларини ривожлантириш имконига эга бўлади.
Ўзбекистондаги дата-марказлар қурилиши учун Саудиянинг DataVolt компанияси масъул эканлиги маълум қилинган. Аввалроқ ушбу мақсадлар учун 6,5 миллиард долларгача сармоя киритилиши эълон қилинганди. DataVolt дунё бўйлаб маълумотлар марказларини ривожлантиришда фаол иштирок этади. Қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ Vision инвестиция гуруҳининг бир қисми сифатида DataVolt АҚШ, Ҳиндистон ва Саудия Арабистонидаги лойиҳаларда, жумладан NEOM утопик шаҳар лойиҳасида ҳам қатнашмоқда.
Лойиҳа ташаббускорлари таъкидламоқда: бу имконият миллий компанияларга ташқи серверларга қарам бўлмасдан, Ўзбекистон ҳудудидаги замонавий қувватлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот ва лойиҳаларини ривожлантириш имконини беради. Айниқса, сунъий интеллект ва бизнес соҳасидаги лойиҳалар учун бу катта самара келтириши мумкин.
Маълумот учун: тўрт кун давом этаётган мазкур форумда 50 дан ортиқ давлат вакиллари, 300 дан зиёд компания ва ҳамкорлар ҳамда 20 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда. Дастур давомида 200 дан ортиқ халқаро экспертлар, жумладан Meta, Microsoft, UzTelecom, Yandex Uzbekistan, Digital Engineering School, Zoomrad, Mobi.uz, Uzinfocom, Beeline ва Huawei каби ташкилотлар ўз маҳсулотлари тақдимотини ўтказмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!