date

Ўзбекистонда илк бор ер ости чиқинди сақлаш мажмуаси ишга туширилди

Ўзбекистонда илк бор ер ости чиқинди сақлаш мажмуаси ишга туширилди

Самарқанд шаҳрида республика тарихида илк бор ер остида жойлашган маиший чиқиндиларни йиғиш ва сақлаш мажмуаси ташкил этилди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, мажмуа шаҳарнинг Қорасув массивидаги “Обод маскан” маҳалласида ўрнатилган бўлиб, ҳозирча 2 та ярим ер ости чиқинди сақловчи махсус қутилардан иборат. Улар атрофга чиқиндилар сочилиб кетиши, иссиқ кунларда нохуш ҳидлар тарқалиши ва санитария ҳолати ёмонлашишининг олдини олади. Бу эса маҳаллий аҳоли учун қулай ва тоза муҳит яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Янги тизим 2 метр чуқурликка жойлаштирилган бўлиб, ҳар бир майдонда 2 тадан жами 4 та махсус контейнер мавжуд. Ҳар бирининг сиғими 3 метр куб (550 литр)га тенг ва 1000–1500 нафар аҳолига хизмат кўрсата олади. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, келгусида ҳудудда яна 5 та шундай мажмуа қурилиши режалаштирилган.

Агентлик бу каби лойиҳалар нафақат Самарқандда, балки бутун республика бўйлаб босқичма-босқич амалга оширилишини маълум қилди. Бу чиқиндилар билан боғлиқ экологик муаммоларни камайтириш, шаҳар инфратузилмасини замонавий стандартларга яқинлаштириш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилашда катта қадам бўлиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Самарқандда жорий йил июль ойидан чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқарувчи йирик завод қурилиши бошланган. Лойиҳа қиймати 150 миллион долларга тенг бўлиб, у кунига 1500 тонна чиқиндиларни қайта ишлайди ва йилига 240 миллион киловатт электр энергияси ишлаб чиқаради.

Экологлар ва мутахассислар таъкидлашича, бундай замонавий мажмуалар ҳамда қайта ишлаш технологиялари нафақат шаҳар аҳолиси, балки мамлакатга ташриф буюрувчи туристлар учун ҳам қулай ва соғлом муҳит яратишга хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда илк бор ер ости чиқинди сақлаш мажмуаси ишга туширилди