Пойтахтдаги тадбиркорлар учун янги муаммо юзага келди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги дўконлар, дорихоналар ва турли савдо нуқталаридаги ном ёзилган пешлавҳаларни расман “ноқонуний ташқи реклама” сифатида баҳолаб, уларни олиб ташлашни талаб қилмоқда.
Тадбиркорларнинг айтишича, талаб фақат бренд ёки йирик реклама баннерларигагина эмас, балки “мини маркет”, “дорихона”, “гўшт дўкони” каби оддий, кундалик ҳаётда ишлатиладиган ёзувларга ҳам қўлланмоқда. Бу эса кичик бизнес ва тадбиркорлар учун қўшимча молиявий юк бўлаётгани айтилмоқда.
Бизнес-омбудсман расмийси Жамшид Ҳасанов ушбу масала юзасидан ўз муносабатини билдирди. Унинг таъкидлашича, қарор қонуний жиҳатдан тўғри бўлса-да, адолат нуқтаи назаридан тўлиқ тўғри келмаслиги мумкин. “Масалан, ‘дорихона’ сўзи товар белгиси ёки савдо маркаси эмас. Бироқ амалдаги қоидаларга кўра, агар пешлавҳа майдони 1 квадрат метрдан ортиқ бўлса, у реклама сифатида баҳоланади. Бу эса ҳукуматнинг 104-сонли қарорида алоҳида қайд этилган. Ҳозир биз ушбу қарорга ўзгартириш киритиш имкониятларини кўриб чиқмоқдамиз”, — деди у.
Ҳозирги қонунчиликка асосан, ҳатто оддий пешлавҳалар ҳам реклама деб ҳисобланиб, тадбиркорлардан тўлов ундирилади. Бу ҳолат айниқса кичик бизнес эгалари учун қийинчиликлар туғдирмоқда.
Экспертлар фикрича, бундай талаблар кичик ва ўрта бизнеснинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки, оддий дўкон ёки дорихонанинг номини кўрсатувчи ёзув реклама эмас, балки йўловчилар ва харидорлар учун йўл-ёриқ вазифасини бажаради.
Манбалар таъкидлашича, тадбиркорлар бу қарорга қарши чиқишмоқда ва ҳозирда тегишли идоралар билан музокаралар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ҳукумат қарорида белгиланган қоидалар ўзгариши мумкинлиги ҳам истисно қилинмаяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!