Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг таклифига кўра 6–7 октябрь кунлари ушбу мамлакатга амалий ташриф билан боради. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Туркий давлатлар ташкилотининг Габала шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитида иштирок этади. Ушбу йиғилиш “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” мавзусида ўтказилади ва ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари кун тартибига киритилган.
Саммитда сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инновация, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, гуманитар ва бошқа устувор соҳалардаги амалий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Делегациялар раҳбарлари халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари бўйича ҳам фикр алмашадилар.
Саммит якунида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида қатор қўшма қарорлар ва ҳужжатларни қабул қилиш режалаштирилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!