Ўзбекистон Ҳукумати ёшлар таълими ва билим салоҳиятини оширишга қаратилган янги ташаббусни йўлга қўйди. 2025 йил 8 октябрь куни қабул қилинган 632-сонли қарорга мувофиқ, чет тилларни ўрганиш истагида бўлган ёшлар учун махсус субсидиялар ажратилади.
Қарор “2+6” дастури асосида амалга оширилади. Унга кўра, чет тили бўйича сертификатга эга бўлган ёшлар аввалги 2 ой давомида таълим харажатини ўз ҳисобидан қоплайди, кейинги 6 ойлик таълим даври эса Ёшлар ишлари агентлиги жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.
Ҳужжатга кўра, субсидия миқдори ҳудудлар кесимида фарқ қилади:
– Тошкент шаҳрида — ЯҲМнинг 2 бараваригача, яъни 824 минг сўм;
– Вилоят марказларида — 1,5 бараваригача, яъни 618 минг сўм;
– Туман ва шаҳарларда — ЯҲМнинг 1 бараваригача, яъни 412 минг сўм миқдорида белгиланди.
Дастур 2025–2026 йилларда 20 минг нафаргача ёшни қамраб олади. Шунингдек, 2031 йилгача ҳар йили яна 20 мингга яқин ёшга тил ўрганиш учун молиявий ёрдам ажратиш режалаштирилган. Агар йиллик лимит тўлса, стипендия навбатдаги йил учун кўчирилади.
Субсидиялар фақат электрон тизим орқали рўйхатдан ўтган ва дарс қатнашуви электрон тарзда кузатиладиган ўқув марказларига берилади. Бу, ўз навбатида, таълим жараёнининг шаффофлигини таъминлайди ва давлат маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилишга ёрдам беради.
Таъкидланишича, ушбу ташаббус ёшларнинг чет тилларини ўрганишга қизиқишини ошириш, уларни замонавий бозорда рақобатбардош мутахассисларга айлантириш ҳамда хорижий таълим ва меҳнат имкониятларига йўл очишни мақсад қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!