Ўзбекистонда мустақилликдан кейинги илк аҳоли рўйхати ўтказилиши арафасида. Адлия вазирлиги 2026 йил 15 январдан бошланадиган аҳоли рўйхатга олиш жараёни ва унинг тартиб-қоидалари ҳақида расмий маълумот берди.
Маълумотларга кўра, рўйхатга олиш ишлари 2026 йил 15 январ соат 00:00 дан бошланиб, 28 февралгача давом этади. Бу давр мобайнида мамлакат бўйлаб ҳар бир фуқаро махсус электрон тизим орқали ёки манзили бўйича рўйхатга олинади.
Бироқ, баъзи тоифадаги шахслар ҳисобга киритилмайди. Жумладан, бир йилдан зиёд вақт мобайнида Ўзбекистон ташқарисида бўлиб турган фуқаролар, шунингдек, аҳоли рўйхатга олиш бошланганидан кейин туғилган болалар рўйхатда акс этмайди.
Шу билан бирга, аҳоли рўйхатга олиш жараёни бошланганидан кейин вафот этган шахслар маълумотлар базасига киритилади. Бу статистик аниқликни таъминлаш ва мамлакат демографик ҳолатини тўлиқ акс эттириш учун амалга оширилади.
Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ходимлари, уларнинг оила аъзолари ҳамда дипломатик иммунитетга эга шахслар рўйхатдан четлаштирилади.
Рўйхатга олиш доимий ёки вақтинчалик яшаш манзили бўйича амалга оширилади. Яъни ҳар бир фуқаро ўзининг кундузги ва тунги яшаш жойи ҳисобга олинган ҳолда рўйхатга киритилади — бу уйлар, квартиралар ёки бошқа турар-жойларни ҳам қамраб олади.
Шахсий маълумотларда рўйхатга олиш бошланганидан кейин содир бўлган ўзгаришлар (масалан, кўчиб ўтиш, никоҳ ёки фарзанд туғилиши) ҳисобга олинмайди.
Мазкур аҳоли рўйхати Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга бўлади. У мамлакатнинг демографик таркиби, иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини аниқ баҳолаш, шунингдек, келгусидаги давлат дастурларини режалаштиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!