Саудия Арабистонига сафар қилаётган ўзбекистонликлар сони сезиларли даражада ошгани маълум бўлди. Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йил январь–август ойларида 165,7 минг нафар фуқаро Саудияга борган.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53,8 минг кишига ёки 48,1 фоизга кўп. Сафар қилган фуқароларнинг катта қисми — 141,6 минг киши — туризм мақсадида йўл олган. Шунингдек, 23,5 минг нафар одам қариндошларини йўқлаш, 548 киши даволаниш, 62 киши хизмат юзасидан, 18 киши эса ўқиш учун борган.
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги ҳар қандай виза эгаларига умра амалини адо этиш имкони бергани сафарлар сони ошишига сабаб бўлди.
Жорий йилдаги ҳаж мавсумида Ўзбекистондан 15 мингдан ортиқ ҳожилар муқаддас амалларни тартибли адо этишган. Улар 13-майдан 30-майгача Саудияга етиб бориб, 29-июнь кунигача ватанга қайтишган.
Мутахассислар таъкидлашича, электрон рўйхат, онлайн банд қилиш ва қулай виза тизими фуқаролар учун сафар жараёнини анча енгиллаштирган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!