Сунъий интеллект энди фақат IT мутахассисларининг мавзуси эмас. Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда маълум қилинишича, эндиликда барча вазирлик ва тармоқ раҳбарларининг рақамлаштириш учун жавобгар ўринбосарлари шу билан бирга сунъий интеллект ривожига ҳам масъул бўлади, деб хабар берди Prezident.uz.
Шунингдек, шаҳар ва туманларда ҳокимларнинг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади. Бу дегани — ҳар бир ҳудудда замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш учун алоҳида масъул шахс бўлади.
Барча вазирлик ва ҳокимликлар ўз таркибида сунъий интеллектни ривожлантиришга ихтисослашган бўлинмалар ташкил қилиши керак бўлади. Уларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилган: хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, иш самарадорлигини кўтариш, ортиқча бюрократия ва харажатларни қисқартириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва, энг муҳими, сунъий интеллект ёрдамида янги ечимлар яратиш.
Бундай йўналиш нафақат давлат бошқарувида, балки фуқаролар ҳаётида ҳам қулайлик яратади. Масалан, ҳужжат айланмаси ёки ариза бериш жараёнлари автоматлашса, вақт тежалади, инсон омили камаяди ва тизим шаффоф бўлади.
Яна бир муҳим қадам — хориж тажрибасини ўрганиш. Президент ташаббуси билан технологик билим ва хорижий тилни мукаммал билган 100 нафар мутахассис АҚШ, Европа, Сингапур ва Японияга олти ойлик махсус ўқув дастурларига юборилади. Улар қайтиб келгач, маҳаллий тизимларда сунъий интеллектни амалга жорий этишда етакчи рол ўйнайди.
Шу билан бирга, келгуси йилдан бошлаб барча вазирлик ва ҳудудларда сунъий интеллектни қўллаш даражасини баҳолайдиган рейтинг тизими йўлга қўйилади. Бу рейтинг орқали қайси ташкилот инновацияга очиқ, қайси бири эса ҳали анъанавий усулларга суянаётганини кўриш мумкин бўлади.
Технологиялар тез ривожланаётган замонда бундай ташаббус мамлакатни янги босқичга олиб чиқиши, бошқарув тизимини ақлли, тезкор ва замонавий қилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!