Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тизими янада такомиллаштирилмоқда. Президент қарори билан “Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўғрисида”ги янги низом тасдиқланди, деб хабар берди Prezident.uz. Ушбу ҳужжат вазирликнинг мақоми, вазифалари, ҳуқуқлари ва фаолиятини амалга ошириш тартибини аниқ белгилаб берди.
Янги низомга кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эндиликда нафақат ёнғинлар ёки табиий офатлар пайтида фаол ҳаракат қилувчи идора, балки олдини олиш ишларини тизимли равишда йўлга қўювчи марказий тузилма сифатида фаолият юритади. Унинг асосий йўналишлари аҳолини хавф-хатардан ҳимоя қилиш, фавқулодда ҳолатлар хавфини камайтириш ва тезкор жавоб чораларини таъминлашга қаратилган.
Вазирлик олдида турган вазифалар қаторида қуйидагилар бор: табиий ва техноген офатларнинг олдини олиш бўйича комплекс чоралар кўриш, мавжуд куч ва воситаларни доимо тайёр ҳолда ушлаб туриш, ҳамда фуқаро муҳофазаси тизимини ривожлантириш. Шу билан бирга, аҳолини фавқулодда вазиятлар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш ҳам муҳим йўналиш сифатида белгиланди.
Бундан ташқари, ёниш ёки портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан ишловчи корхоналарда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этилиши устидан назорат кучайтирилади. Вазирлик мазкур фаолиятларни мувофиқлаштириб, стандартларга мослигини таъминлайди.
Янги низом асосида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шахсий таркиби учун махсус кийим-бош ва рамзлар тасдиқланди. Улар президент томонидан маъқулланган намуна асосида тайёрланади. Ҳарбий хизматчилар ва қутқарувчилар энди давлат ҳисобидан бепул ҳарбий ва махсус форма билан таъминланади.
Бу қарор нафақат тизимни модернизация қилиш, балки қутқарувчиларнинг нуфузини ошириш, уларнинг меҳнатини муносиб қадрлашга ҳам хизмат қилади. Янги низом орқали фавқулодда ҳолатларга қарши курашиш тизими замонавий ва самарали йўлга қўйилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!