date

Ўзбекистонда ўртача ойлик маош ошди, ҳудудлар ўртасида фарқ катта

Ўзбекистонда ўртача ойлик маош ошди, ҳудудлар ўртасида фарқ катта

Ўзбекистонда 2026 йилнинг И чораги якунларига кўра, аҳоли даромадларида ўсиш қайд этилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакат бўйича ўртача ойлик иш ҳақи 6,82 миллион сўмни ташкил этган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудлар кесимида маошлар ўртасида сезиларли тафовут сақланиб қолмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри энг юқори маош тўланадиган ҳудуд сифатида етакчиликни сақлаб қолган. Пойтахтда ўртача ойлик иш ҳақи 11,7 миллион сўмга етган.

Иккинчи ўринни Навоий вилояти эгаллаб, бу ерда ўртача маош 8,45 миллион сўмни ташкил этган. Мутахассислар бу ҳолатни саноат ва кончилик соҳасининг ривожлангани билан изоҳлашмоқда.

Аксинча, Қашқадарё вилоятида энг паст кўрсаткич қайд этилган бўлиб, бу ерда ўртача ойлик 4,66 миллион сўмни ташкил қилган.

Соҳалар кесимида ҳам катта фарқлар кузатилади. Энг юқори даромад молия соҳасига тўғри келмоқда. Яъни банк, суғурта, лизинг ва кредит ташкилотлари ходимлари ўртача 18,6 миллион сўм маош олмоқда.

Энг паст иш ҳақи эса қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳасида қайд этилган — тахминан 3,5 миллион сўм. Шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ҳам маошлар нисбатан паст даражада сақланмоқда. Жумладан, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида ўртача 4,11 миллион сўм, таълим тизимида эса 4,61 миллион сўм маош тўланган.

Мутахассислар фикрича, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар ўртасидаги бундай фарқлар иш ўринлари хусусияти, инвестициялар ҳажми ва инфратузилма ривожи билан боғлиқ.

Умуман олганда, мамлакатда ўртача иш ҳақининг ошиши ижобий тенденция сифатида баҳоланмоқда. Бироқ ҳудудлар ва соҳалар ўртасидаги маошлар тафовутини қисқартириш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда ўртача ойлик маош ошди, ҳудудлар ўртасида фарқ катта