date

Пойтахтда квартиралар нархлари кескин қимматлади

Пойтахтда квартиралар нархлари кескин қимматлади

Тошкентда кўчмас мулк бозори яна жонланди. Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази маълумотига кўра, пойтахтда квартирали уйлар нархи сентябрдан октябргача сезиларли даражада ошган.

Маълумотларга қараганда, кўп қаватли уйлардаги квартираларнинг ҳар бир квадрат метри учун ўртача нарх бир ой ичида 13 фоизга қимматлашган. Бу йилнинг куз ойидаги энг катта ўсиш кўрсаткичларидан бири сифатида қайд этилди.

Сентябрь ойида бир квадрат метр учун ўртача нарх 14,7 миллион сўмни ташкил этган бўлса, октябрга келиб бу кўрсаткич 16,7 миллион сўмга етди. Энг юқори баҳоланган квартиралар нархи 96,1 миллион сўмгача кўтарилган, энг арзонлари эса 7,5 миллион сўм атрофида бўлган.

Марказ маълумотларига кўра, пойтахтнинг айрим туманларида нархлар бошқаларга нисбатан анча баланд.

Энг қиммат туманлар:

-Шайхонтоҳур — 23,9 миллион сўм;

-Мирзо Улуғбек — 19,1 миллион сўм;

-Юнусобод — 17,1 миллион сўм.

Энг арзон туманлар:

-Сергели — 11,5 миллион сўм;

-Бектемир — 11,2 миллион сўм;

-Учтепа — 13,6 миллион сўм.

Мутахассислар фикрича, уй нархларининг кескин ошишига бир нечта омил таъсир қилган. Улар орасида сўнгги ойларда доллар курсининг сўмга нисбатан кўтарилиши, қурилиш материаллари нархининг ўсиши ва талабнинг янада ортгани муҳим сабаб сифатида тилга олинмоқда.

Аввалроқ хабар қилинганидек, сентябрь ойида ҳам уй-жой ижараси нархлари ўсган. Бир хонали квартираларнинг ўртача ижара баҳоси 318 доллардан 334 долларга кўтарилган. Бу ҳолат ҳам кўчмас мулк бозоридаги умумий тенденция — уйларга бўлган талабнинг кескин ортиб бораётганини кўрсатади.

Пойтахтдаги бу ҳолат шундан дарак берадики, келгуси ойларда ҳам квартира нархлари барқарор бўлмаслиги мумкин. Экспертлар бозордаги фаолликни “мавсумий жонланиш” деб баҳолашмоқда, бироқ йил охиригача яна янги рекордлар қайд этилиши эҳтимолдан холи эмас.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Пойтахтда квартиралар нархлари кескин қимматлади