date

Самарқандда ЮНЕСКО 80 йиллиги муносабати билан 80 минг дарахт экилади

Самарқандда ЮНЕСКО 80 йиллиги муносабати билан 80 минг дарахт экилади

Самарқанд шаҳрида дунё маданий меросининг қўрғони бўлган ЮНЕСКО ташкил этилганининг 80 йиллиги муносабати билан йирик экологик лойиҳа амалга оширилмоқда. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилишича, “Меросга таяниб, келажак сари” шиори остида 5 гектар майдонда замонавий яшил боғ барпо этилмоқда.

Лойиҳа доирасида жами 80 минг туп дарахт ва бута экиш режалаштирилган бўлиб, тадбирнинг илк босқичи 31 октябрь куни “Боқий шаҳар” мажмуаси ҳудудида старт олди. Биринчи кунининг ўзида 1,2 гектар ерда 564 туп турли хил дарахт ва буталар ўтқазилди.

Тадбирда Буюк Британиянинг ЮНЕСКОдаги элчиси Анна Нсубуга, Буркина-Фасо доимий вакили Флавиэн Имаҳ Уилям Незиэн, Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов, Экология вазирлиги раҳбарияти, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва халқаро делегация вакиллари иштирок этди. Улар ушбу ташаббусни “ижобий экологик ташаббус ва дўстлик рамзи” сифатида баҳолашди.

Боғда қайрағоч, каталпа, эман, япон сафораси, чинор, акация, тол, хурмо ва олма каби маҳаллий ва декоратив дарахт турлари экилмоқда. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида сувни тежовчи томчилатиб суғориш тизими, қуёш панеллари, чиқиндиларни қайта ишлаш учун компостлаш жойлари ва экологик материаллардан ясалган йўлаклар ҳам жорий этилади.

Бу ташаббус нафақат шаҳар экологиясини яхшилаш, балки Самарқандни “яшил дипломатия маркази” сифатида намоён этишга қаратилган.

ЮНЕСКО анжумани ҳақида

30 октябрдан 13 ноябргача Самарқанд шаҳри ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига мезбонлик қилмоқда. Бу тадбир сўнгги 40 йил ичида илк бор Париждан ташқарида ва Марказий Осиёда ўтказилаётган бўлиб, ЮНЕСКОнинг 80 йиллик юбилейи билан бир вақтга тўғри келмоқда.

Анжуманда 190 та давлат ва халқаро ташкилотлардан 2 минг 800 дан зиёд вакил иштирок этмоқда. Уларнинг орасида 70 га яқин юқори даражали шахслар ҳам бор. Шунингдек, 500 дан зиёд халқаро журналист саммитни ёритмоқда.

Самарқанднинг конференция ўтказиладиган шаҳар сифатида танланиши ҳам бежиз эмас. Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу қадимий шаҳар 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Самарқанд асрлар давомида турли маданиятлар, динлар ва халқлар учрашган марказ бўлиб, бирлик ва мулоқот рамзига айланган.

ЮНЕСКОнинг 80 йиллигига бағишланган ушбу дарахт экиш акцияси ҳам ана шу қадимий шаҳарнинг дунёга тараққиёт, тинчлик ва табиатга ҳурмат ғояларини улашишдаги янги қадами бўлди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Самарқандда ЮНЕСКО 80 йиллиги муносабати билан 80 минг дарахт экилади