
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Абдулла Қодирий кўчасидаги яшил ҳудуд ҳолати юзасидан аҳоли ташвишларига расмий жавоб берди. Ҳокимлик матбуот хизмати маълум қилишича, мазкур кўчада олиб борилаётган ишлар шаҳарликлар учун қулай ва экологик муҳит яратишга ҳамда ҳудудни комплекс ободонлаштиришга қаратилган.
Жумладан, пиёдалар йўлакларининг тикланиши, тупроқ тексиланиши, майсазорлар барпо этилиши ва суғориш тизимининг янгиланиши режалаштирилган. Барча ишлар Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан дендролог ва эколог мутахассислар назорати остида амалга оширилмоқда.
Муттахассисларнинг тушунтиришича, дарахт таналарининг пастки қисмини вақтинчалик тупроқ билан қоплаш ободонлаштириш ишлари олдидан муҳим технологик босқич ҳисобланади. Бу усул тупроқни зичлаштириш учун зарур бўлиб, ишлов бериш жараёнининг якунловчи босқичига тайёргарликни таъминлайди.
Дендрологлар таъкидлашича, мазкур вақтинчалик қоплама дарахтлар учун хавф туғдирмайди. Чунки бу жараёнда илдиз тизимига ҳаво етиб бориши таъминланади.
Муттахассислар Ўзбекистоннинг қуруқ континентал иқлими шароитида ортиқча намлик сабаб илдизларнинг чириши хавфи йўқлигини қайд этишмоқда. Барча қурилиш ва ер ишлари якунлангач, баҳор фасли бошланишидан илгари дарахтлар тагидаги тупроқ олиб ташланиб, илдизларнинг тўлиқ ҳаво алмашинуви ва табиий намланиши агротехник талабларга мувофиқ таъминланади.
Ҳокимлик шунингдек, пойтахтнинг яшил ҳудудларини асраб-авайлаш масаласида фаол фуқаролик позицияси ва эътибор учун аҳоли ҳамда оммавий ахборот воситаларига миннатдорлик билдирди. Бу каби фаоллик Тошкентни қулай, яшил ва очиқ шаҳар сифатида ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Қодирий кўчасидаги дарахтлар хавфсизлиги таъминланмоқда
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар