00:25 / 13.01.2017
9 438

Ш.Мирзиёев 3 ойда хориждаги ўзбек шифокорларини қайтара оладими?

Ш.Мирзиёев 3 ойда хориждаги ўзбек шифокорларини қайтара оладими?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев январ ойининг бошида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбарияти, марказлар раҳбарлари ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқлари билан учрашди. Бўлиб ўтган учрашувда тўлиқ малакали хизмат кўрсатилмагани сабабли 40 мингдан зиёд ўзбекистонлик фуқаролар тиббий ёрдам учун хорижга чиқишга мажбур бўлаётгани таъкидланди.

“Ихтисослашган марказлар аҳолига тўлиқ малакали хизмат кўрсатмагани туфайли йилига 40 мингдан зиёд фуқароларимиз тиббий ёрдам учун чет давлатларга чиқишга мажбур бўлмоқда. Ўзингиз ўйланг — 40 минг одамни қанча пули кетяпти? Нима учун Россиядаги катта клиникалар мутахассислари бу ерга олиб келиниб, операциялар шу ерда бажарилмайди ёки Ҳиндистон билан ҳамкорликда қўшма марказ очилмайди?”, — деб мурожаат қилди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг, ушбу масалаларни ҳал қилиш учун вазирлик раҳбариятига тез орада бир қатор чоралар кўриш талаб қилинди. “Шунинг учун, Адҳам Илҳомович, (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбари), биринчидан, 3 ой ичида 50 нафар хориждаги Ўзбекистон шифокорларини олиб келасиз ва иккинчидан, ҳар бир давлат — Корея, Ҳиндистон, Россия билан ҳамкорликда Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижонда йўналишлар бўйича қўшма клиникалар очишни ташкиллаштирасиз”, — деди Ўзбекистон Президенти.

Шу билан бир вақтда, хориждан қайтиб келган Ўзбекистонлик шифокорларга барча керакли шароитлар яратиб берилиши кераклиги ва ҳар бир тиббий марказдан 10-20 кишини хорижга ўқишга юбориш кераклиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш борасида вазият ёмонлашаётгани ҳам қайд этилди. Жумладан, охирги 5 йилда юрак-қон томир касалликларига чалиниш — 25 фоизга, асаб касалликлари – 14 фоизга, онкологик касалликлар — 2,5-3 фоизга ошганлиги қайд этилди. Юқори технологик операцияларнинг фақатгина 23 фоизи вилоят миқёсида кўрсатилгани, қолгани эса Республика марказида бажарилаётгани таъкидланди. Бироқ бу соҳадаги муаммоларнинг олдини олиш бўйича деярли ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаётгани афсус билан қайд этилди.

Шунингдек, Мирзиёев замонавий талабларга жавоб берадиган онкология, нейрохирургия, травматология ва ортопедия соҳаларида ихтисослашган марказларнинг ҳудудларда босқичма-босқич кардиохирургия хизматини ривожлантириш, туман ва шаҳарларда лор ва офтольмология, кардиология, неврология, эндикринология каби ихтисослашган бўлимларни ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш вақти келганини ҳам таъкидлаб ўтди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ш.Мирзиёев 3 ойда хориждаги ўзбек шифокорларини қайтара оладими?