
Мамлакатда молиявий тизим янада қулай ва замонавий йўналишда ривожланмоқда. Адлия вазирлиги томонидан банк карталарининг чиқарилиши ҳамда уларнинг муомалада бўлишига оид янги тартибларни белгилайдиган буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилди, деб хабар берди вазирлик ахборот хизмати.
Янги ҳужжатга кўра, фойдаланувчи турига қараб банк карталарининг кўлами кенгайтирилди. Энди улар қуйидаги турларга бўлинади:
Бизнес банк картаси — якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга ўз ҳисобварағидаги маблағларни эркин бошқариш имконини яратади.
Ижтимоий банк картаси — давлат ёрдам пуллари, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни қабул қилиш ҳамда улардан фойдаланиш учун мўлжалланган.
Шунингдек, олдиндан чиқариладиган шахсий банк карталарини фойдаланувчи шахсни мобил илова орқали идентификация қилган ҳолда активлаштириш механизми жорий этилди. Бу эса банк хизматларидан фойдаланишни анча осонлаштиради.
Энг муҳим янгилик шундаки, эндиликда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ўз номларига мустақил равишда банк картаси очишлари мумкин бўлади. 14 ёшга тўлмаган болалар эса ота-онасидан бири ёки қонуний вакилининг ёзма розилиги орқали картани расмийлаштириши мумкин.
Бундан ташқари, янги тартибда юридик шахслар учун ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тўловларни корпоратив банк карталари орқали амалга ошириш имконияти яратилди. Бу эса тадбиркорлик субъектлари учун тўлов жараёнларини янада шаффоф ва тезкор қилишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ёз ойларида Марказий банк аҳоли орасида нақд пулдан фойдаланиш даражасини ўрганган сўровнома ўтказган эди. Натижаларга кўра, айрим ҳудудларда аҳоли ҳали ҳам нақд пул операцияларига кўпроқ мурожаат қилмоқда. Янги тизим эса электрон тўловлар ҳажмини кенгайтириш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.