
Тошкентда Давлат байроғи куни муносабати билан дронлар шоуси бўлиб ўтади. 18 ноябрь куни пойтахт бўйлаб Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган кунни нишонлаш доирасида кенг қамровли байрам тадбирлари ташкил этилади, деб маълум қилди шаҳар ҳокимлиги.
Маълумотларга кўра, дастур доирасида спортчилар, миллий эстрада юлдузлари ва ёшлар иштирокидаги байроқ эстафетаси ҳам ўтказилади. Байрам ҳаракатлари Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида жойлашган махсус постларда бошланиб, турли маданий-маърифий учрашувларни ўз ичига олади.
“Халқлар дўстлиги” майдонида соат 17:00 да эстрада юлдузлари иштирокида катта ғалаконсерт бўлиб ўтади. Шундан сўнг, соат 18:00 да байрамнинг энг кутилган қисми — дронлар шоуси намойиш этилади. Мазкур томоша аҳоли ва меҳмонлар учун очиқ бўлиб, келганлар байрамона кайфиятдан баҳра олиш имконига эга бўлади.
Аввалроқ, мазкур сана муносабати билан Давлат байроғининг 34 йиллигига бағишланган ҳарбий парад ўтказилиши ҳам режалаштирилгани хабар қилинган. Шундай қилиб, 18 ноябрь Тошкентда маданий, ҳарбий ва замонавий технологик намойишлар билан бой кунга айланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.