12:47 / 23.01.2017
8 877

АҚШ Ўзбекистонни “террорчи давлат” дейишда давом этмоқда

АҚШ Ўзбекистонни “террорчи давлат” дейишда давом этмоқда

Куни кеча рус матбуотида АҚШ сенатига киритилган янги қонун лойиҳаси ҳақида хабар тарқалди. Ушбу қонун агар амалда жорий этиладиган бўлса, Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, 30 дан зиёд араб ва Африка давлатлари билан биргаликда Ўзбекистон ҳам АҚШ учун “ўта хавфли мамлакатлар” рўйхатига киритилиб, бу мамлакатлардан келаётган фуқароларга АҚШ визасини энг камида 30 кунлик кенг қамровли текширувлардан сўнг бериш йўлга қўйилади. Қонун лойиҳаси Кентукки штатидан сенатор Ренд Пол тарафидан таклиф этилган.

Ўзи, балиқ бошдан сасийди дейишгани рост! Бугунги янги АҚШ президенти, Республикачилар партияси вакили Дональд Трампнинг президентликка сайлов доирасида Портленд шаҳрида бўлиб ўтган митингда сўзлаган нутқи ўзи инсонни таажжубга туширганди. Бошқа давлатлардан мусулмонларнинг Қўшма Штатларга киришини тақиқлаш ғоясини илгари сурган Трамп Сомали, Марокаш, Сурия, Афғонистон, Филиппин, Ироқ, Покистон ва Яман билан бирга Ўзбекистон фуқароларининг ҳам АҚШга киришини таъқиқлаш кераклигини айтганди. Ортидан у шундай бетаъсирликка ҳам боргандики, ҳатто йиғилганлардан “бу Ўзбекистон ўзи қаерда жойлашган?” (!) деб сўрашга ҳам юзи борганди. Мана сизга Америка, мана сизга бу “демократия кафолати” бўлган, “инсон ҳуқуқлари олий даражада таъминланган” мамлакатнинг президенти бўлишга чоғланган шахснинг савияси ва дунёқараши! Ўзбекистоннинг қаерда эканини билмасдан туриб, юртимизни “террор ўчоғи”га айлантириб юборганди. Наҳотки, сайловда овоз олиш учун оғзига келганни вайсаш билан бошқа бир мамлакатнинг номини ёмонотлиққа чиқараётганини тушунмаган бўлса дейсиз ўшанда бу Трамп?!

Ўзбекистондагидек тинчлик ва осойишталик таъминланган давлатлар дунёда бармоқ билан санарли эканини бугун ҳар ким яхши билади. Жаҳонда халқаро терроризмга қарши жиддий курашни илк бошлаган ҳам Ўзбекистондир. Раҳматли Юртбошимиз халқаро минбарларда бу борада бонг урган маҳалда кетини қимирлатмаган баъзи мамлакатлар ҳақиқий хавф эшикка келганда, биринчи Президентимиз илгари сурган фикрларни кечикиб бўлсада, кун тартибига қўйдилар.

Ўзбекистонда тинчликка раҳна солишга уринган террористик ва экстремистик руҳдаги ташкилотларни айнан АҚШ томонидан, турли воситалар орқали қўллаб-қувватланиб, уларга сиёсий ва диний ҳуқуқи чекланганлар мақомлари берилиб келгани ҳаммага равшан. Бугун энди, Ўзбекистон айбдор бўлдими сиз етилтирган жинлар чироқдан чиқиб кетган бўлса?? Террорчининг Ватани, миллати, дини бўлмайди. Агар бўлганида эди, Ҳақ таоло томонидан берилган олий неъмат – инсон ҳаётига зомин бўлишдек шайтонийлик гирдобига тушмасди. Шунинг учун террорчиликда айбланаётган қайсидир бир шахс туғилган мамлакатга тап тортмасдан терроризм ўлкаси номини бериш на сиёсатга, на дипломатияга, на инсонийликка, на ақлга, на фаросатга тўғри келади.

Энди, мана ўша “шамол”нинг давоми ҳам эсишга бошламоқда. “Хавфсизлик акти” деб номланаётган бу қонун лойиҳаси билан АҚШ ўзи истаган ёки истамаган ҳолда (менимча, истаган ҳолда) бошқа суверен давлатларнинг номини халқаро майдонда ёмонотлиқ қилмоқда.
Бу масалага жиддий муносабат билдириш даври келди. Сабаби хориждаги инсонлар айнан шундай масалаларга таяниб Ўзбекистонимиз ҳақида фикр юритишади.
2013 йили теннис бўйича Дэвис Кубоги мусобақаси доирасидаги Ўзбекистон-Австралия учрашувида қатнашиш учун келган меҳмонлар жамоаси делегациясига машҳур теннисчи Патрик Рафтер бошчилик қилганди. Биласизми, Рафтернинг маҳаллий таржимондан биринчи сўрагани нима бўлганди: “Уруш кетаётган ҳудуд Намангандан неча километр узоқликда?(!) Бу ерга ҳам снарядлар келиб тушадими?(!)...” Мезбонларнинг таажжубини кўриб, теннисчи интернетдан олган маълумотларига асосланиб, буни сўраганини изоҳлаганди. Наманганда ўтказилган бир неча кун эса, австралияликларга юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, бунёдкорлик ва янгиланишлар ҳақида етарлича танишишларига имкон берганди...

VODIYMEDIAнинг АҚШга расмий нота беришга ҳаққи йўқ. Лекин оммавий ахборот воситаси сифатида, қолаверса ўз юртини севган фуқаролар меҳнат қилаётган таҳририят сифатида Ўзбекистон номини қораланишига қаттиқ эътироз билдирамиз ва бу борада АҚШ ҳукуматидан объектив муносабат кутиб қоламиз. Бундай сиёсий ўйинларнинг тагида нима борлигини ҳамма яхши тушуниб турибди. Бизга бу билан қандай “ўзаро тенг ҳуқуқли шартлар” таклиф этилиши жуда аниқ, лекин Ўзбекистон ўз номини ўртага ташлаб, ҳеч ким билан савдолашмайди!

Дилмурод Жумабоев

Манба: Vodiymedia.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » АҚШ Ўзбекистонни “террорчи давлат” дейишда давом этмоқда